[:uz]Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши [:ru]Республиканский совет профсоюза работников здравоохранения Узбекистана [:en]Republican Council of the Trade Union of Health Workers of Uzbekistan [:oz]Oʼzbekiston sogʼliqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi Respublika Kengashi [:]

                                    
                                

                                

Жорий йилнинг 17 апрель куни Москва шаҳрида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерациясининг (МКПРЗ) XII съезди бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Конфедерация фаолияти якунларини сарҳисоб қилиш ҳамда келгуси устувор йўналишларни белгилашда муҳим майдон бўлди.

Съезд давомида 2021 йил май ойидан 2026 йил апрель ойигача бўлган ҳисобот даврида Конфедерация фаолиятининг асосий масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчиларга Ижроия қўмитасининг батафсил ҳисоботи тақдим этилди, унда амалга оширилган ишлар, ташаббуслар ва соғлиқни сақлаш ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари акс эттирилди.

Шунингдек, Тафтиш комиссияси фаолияти якунлари, жумладан молиявий-хўжалик фаолияти ва бошқарув органлари ишининг шаффофлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Кун тартиби доирасида амалдаги бошқарув органларининг ваколатларини тугатиш ва янги раҳбар органларни шакллантириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Конфедерация Президенти, вице-президентлари ва Бош котиби сайланди, шунингдек Ижроия қўмитаси ва Тафтиш комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди.

Съезднинг муҳим натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси раиси Фарходжон Ханапияев Конфедерация вице-президенти лавозимига сайланди. Бу қарор Ўзбекистоннинг халқаро касаба уюшмалари ҳамкорлигини ривожлантиришдаги фаол ўрни ва тармоқ касаба уюшмалари ҳаракатини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасининг эътирофи бўлди.

Шу билан бирга, аъзолик ва бошқа мол-мулкий бадалларни шакллантириш ҳамда тўлаш тартибига оид масалалар муҳокама қилинди.

Съезд Конфедерациянинг халқаро ҳамжиҳатлик тамойилларига содиқлигини, касаба уюшмалари ҳаракатини мустаҳкамлаш ва соғлиқни сақлаш ходимларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни яна бир бор тасдиқлади.