[:uz]Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши [:ru]Республиканский совет профсоюза работников здравоохранения Узбекистана [:en]Republican Council of the Trade Union of Health Workers of Uzbekistan [:oz]Oʼzbekiston sogʼliqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi Respublika Kengashi [:]

 

  • Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзи тўғрисида
  • Н И З О М
  1. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзи Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Уставига мувофиқ таъсис этилади.
  2. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзида тармоқ касаба уюшмасининг бош вазифаси – тармоқ касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнатларини муҳофаза  қилишдаги ҳаракат бирлиги ўз аксини топган.
  3. Ушбу рамз тармоқ касаба уюшмаси ташкилотларининг бланкалари, шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси номидан чиқариладиган турли хилдаги нашрларда, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси буюртмасига асосан тайёрланадиган матбаа, реклама-ахборот, Республика Кенгаши Ёрлиқлари, кўкрак нишони ва ёдгорлик буюртмаларида акс эттирилиши мумкин. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси иштирокида ўтказиладиган учрашувлар, семинарлар, анжуманлар, хорижий давлатлар делегацияларини қабул қилишда, хорижий мамлакатлар сафарида, спорт мусобақаларида мазкур рамз кўринарли жойга илиб қўйилади ва у Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг тимсоли ҳисобланади.
  4. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзининг такрорланаётган тасвири, унинг катта-кичиклигидан қатъий назар, тасдиқланган рангли ва оқ-қора тасвирига мос бўлиши керак.
  5. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг рамзи касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсат қарори билан тасдиқланади ва унинг рухсатисиз бошқа соҳа ташкилотларининг фойдаланиши ман этилади
  • Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзининг
  •  Т А В С И Ф И

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг янги таҳрирдаги рамзининг асоси ётиқ эллипсдан иборат бўлиб, эллипснинг ҳошияси кўк рангда.

Ер шарининг рамзий белгиси бўлган эллипснинг ўнг юқори қисмидан 45 даражали бурчак остида, мовий ва яшил рангларни шартли икки қисмга бўлинишидан хосил бўлган шакл – тиббиёт соҳасида энг кўп фойдаланиладиган таблетка дори шаклининг юқори ён томондан кўринишини англатади.

Эллипснинг чап томонида оқ фонли кўк ранг ҳошияли доира жойлашган бўлиб, доира ичига икки қўл кафтлари орасида атрофга нур таратиб ёнаётган шам тасвирланган. Ёниб турган шам антик давр тиббиёт фани асосчиларидан бири, эрамиздан аввалги 5-4 асрларда яшаган Гиппократнинг шифокорларга қарата айтган: “Ўзинг ёниб тугасанг-да, бошқаларга доим ёруғлик улаш”, деган иборасидан келиб чиқиб,   инсонлар саломатлигини сақлашга бел боғлаган тиббиёт ходимларини англатади. Шамнинг эриб туриши эса фидоийлик белгисидир. Шам танасининг ўнг тарафида нур қайтарилиши натижасида хосил бўлган белги оқ чизиқлар сифатида ифодаланган. Шамни икки томондан ҳимоя қилиб турган кўк рангда ифодаланган очиқ қўллар соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнатга оид  ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тармоқ касаба уюшмасининг рамзий ифодасидир.

Икки қўл кафтлари пастида оқ ва яшил ҳошияли чизиқча чизилган, унинг пастки қисмида тармоқ касаба уюшмасининг номи қисқартма сўзларда лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида яшил рангда ёзилган.

Эллипснинг қолган қисмида акс эттирилган ранглар эса Республикамиз байроғига ҳамоҳанглик билан, яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи, у шунингдек, навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади, оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли, фаолиятдаги очиқлик ва ошкоралик сифатида ифодаланган, мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи, тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради.

Доира ташқарисига ҳаво рангда чизилган тўртбурчак ўртасида оқ ранг ичида  мовий рангда тармоқ касаба уюшмасининг тўлиқ номи лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида ёзилган.

 

  • Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи тўғрисида
  • Низом
  1. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Уставига мувофиқ таъсис этилади.
  2. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи тармоқ касаба уюшмаси Қурултойи ва Кенгаш йиғилишларида, халқаро ҳамда бошқа анжуманларда, расмий делегацияларнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг тимсоли бўлади.
  3. Байроқ бутун узунлиги бўйлаб оқ рангдан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги мато бўлиб, узунлиги 200 сантиметр, кенглиги 100 сантиметрга тенг. Байроқнинг ўртасида, яъни байроқнинг чап ва ўнг томонларидан 43,5 сантиметр, юқори ва пастки томонларидан 26 сантиметр масофада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзи узунлиги 112 сантиметр, кенглиги 48 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.
  4. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи касаба уюшмаси Республика Кенгаши, унинг тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг иш кабинетларида, шунингдек мажлислар залларида ўрнатилади.
  5. Байроқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тадбирларда, спорт мусобақаларида кўтарилиши мумкин. Байроқ умуммиллий тадбирлар ва тантаналар чоғида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда кўтарилса, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (олд томонидан қаралганда) чап томонда, тармоқ байроғи ўнг томонда кўтарилмоғи керак.
  6. Байроқнинг турли ўлчамларда чиқарилишига йўл қўйилади. Бундай ҳолда байроқнинг узунлиги ва кенглиги (нисбати 2:1) сақланиши, байроқ ва унинг тасвири катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳамма вақт тасдиқланган рангли ва тасвирига аниқ мос бўлиши керак.
  7. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар буюртмасига асосан тайёрланадиган матбаа, реклама-ахборот ва ёдгорлик буюртмаларида ушбу рамз акс эттирилиши мумкин.
  8. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғини тайёрлаш ва уни сақлаш устидан назорат Республика Кенгаши раёсатига юклатилади.
  • Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи
  • Т А В С И Ф И

 Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи – байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб сидирға оқ рангдан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

Байроқ ўлчами узунлиги 200 сантиметр, кенглиги 100 сантиметрга тенг (нисбати 2:1) нисбатда олинади.

Байроқнинг ўртасида, яъни байроқнинг чап ва ўнг томонларидан 43,5 сантиметр, юқори ва пастки томонларидан 26 сантиметр масофада Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси рамзи узунлиги 112 сантиметр, кенглиги 48 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси байроғи оқ рангда бўлиб, унинг марказида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмасининг рамзи акс эттирилган.

Байроқнинг оқ рангда ифодаланиши ўзига хос рамзий маънога эга. Яъни, оқ ранг – яхшилик, поклик, беғуборлик, софлик, фаолиятдаги очиқлик ва ошкоралик тимсоли бўлиши билан бирга мамлакатимиздаги соғлом ижтимоий-сиёсий муҳит натижасида фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, касаба уюшма ташкилотлари фаолияти, улар фаолиятини ривожлантириш учун яратилган қулай ва етарли шарт-шароитлар ҳамда имкониятлар ифодасидир.