![[:uz]Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши [:ru]Республиканский совет профсоюза работников здравоохранения Узбекистана [:en]Republican Council of the Trade Union of Health Workers of Uzbekistan [:oz]Oʼzbekiston sogʼliqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi Respublika Kengashi [:]](https://sogliq.kasaba.uz/wp-content/uploads/2026/01/cropped-18288908-a56d-4193-a28c-91740dcdc331_removalai_preview-1.png)
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигитомонидан 05 сентябрь 2025 йил 406 п-сонбилан қайта рўйхатдан ўтказилан |
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимларикасаба уюшмаси Қурултойининг 2025 йил 12 авгусдагиХ-сон қарори билан тасдиқланган |
1.1. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси (кейинги ўринларда – Касаба уюшмаси деб юритилади) хўжалик юритиш ва ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, санитария-гигиена ва аҳолига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида касби ва лавозимидан қатъий назар, меҳнат қилаётган муассаса, ташкилот ва корхоналар (кейинги ўринларда Муассаса деб юритилади)нинг умумий манфаатлар билан бирлашган ходимларини, шунингдек, қисман банд бўлган ва вақтинча ишсиз бўлган шахсларни, тиббиёт ва фармацевтика соҳасига оид олий ва профессионал таълим муассасаларида таълим олаётган талаба-ўқувчиларни ёши, ирқи, миллати, диний ва сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, ихтиёрийлик асосида бирлаштирадиган ўзини-ўзи бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси ҳисобланади.
1.2. Касаба уюшмаси юридик шахс бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади. Касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида ўз бўлинма (Кенгаш)ларига, шунингдек республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги муассасаларда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига (кейинги ўринда – “бошланғич ташкилот”) ҳамда уларнинг бўлинмаларига эга бўлиши мумкин.
1.3. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонун хужжатлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро Конвенция ва шартномалар, шунингдек ўзи аъзо бўлган касаба уюшма бирлашмалари Уставлари ҳамда мазкур Устав асосида амалга оширади.
Ушбу Устав қоидалари касаба уюшмасининг барча аъзолари, шунингдек қуйидан юқоригача барча касаба уюшмаси ташкилотлари учун мажбурийдир.
1.4. Касаба уюшмаси, унинг худудий бўлинмалари ва бошланғич ташкилотлар ўз фаолиятида, шу жумладан молиявий фаолиятида давлат хокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ёки уларнинг уюшмаларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ҳамда улар томонидан назорат қилинмайди. Бундан қонунда кўзда тутилган ҳоллар мустасно.
Касаба уюшмаси мустақил равишда ўз уставини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, ташкилий тузилмасини белгилайди, касаба уюшма органларини сайлайди, ўз фаолиятини ташкил этади, йиғилишлар, шунингдек бошқа тадбирларни ташкил этади.
1.5. Ушбу Устав қоидалари талқинини бериш касаба уюшмаси Республика Кенгашининг, унинг Мажлислари оралиғида эса касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг ҳуқуқи ҳисобланади. Устав қоидалари талқинини бериш масаласи бўйича низолар ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар келиб чиққанда Қурултойлар оралиғида ўзи аъзо бўлган касаба уюшмаси бирлашмаси ҳам ўз талқинини бериши мумкин.
1.6. Касаба уюшмасининг номи:
Давлат тилида – “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси” (лотин алифбосида – O‘zbekiston sog‘liqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi);
Рус тилида – Профсоюз работников здравоохранения Узбекистана;
Инглиз тилида – Trade union of healthcare workers of Uzbekistаn.
1.7. Касаба уюшмасининг доимий фаолият кўрсатувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): 100029, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси 41 А-уй.
1.8. Касаба уюшмаси бўлинмаларини тузиш, ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бўлинмаларининг коллегиал раҳбар ва ижроия органлари тўғрисидаги қоидалар ҳамда мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари батафсил равишда уларнинг низомларида белгиланади.
II. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
2.1. Касаба уюшмасининг асосий мақсади:
– ўз аъзоларининг меҳнат соҳасидаги хуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ва химоя қилиш;
– касаба уюшмаси ҳаракатининг бирлиги ва бирдамлигини таъминлаш.
2.2. Касаба уюшмасининг вазифалари:
– касби, лавозими, миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъий назар, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини меҳнат қилиши ва меҳнатига адолатли ҳақ тўланиши, касбни эркин танлаши, муносиб меҳнат ёки таълим олиш шароитига эга бўлиши, дам олиш, ишсизликдан ҳимояланишга доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
– иш берувчилар ҳамда уларнинг бирлашмалари билан биргаликда ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатиш, музокаралар юритиш орқали ўз аъзоларига нисбатан амалдаги қонунларда, қонуности, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий хужжатларда белгилаб қўйилганидан кўра кўпроқ имтиёз ва кафолатлар берилиши бўйича жамоа келишуви ва шартномалар тузиш;
– имзоланган жамоа шартнома ва келишувларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
– жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизадан ўтказиш комиссиялари ташкил этиш, экспертизасидан ўтказиш.
– ходимларга амалдаги қонун ва меъёрий хужжатларда белгиланган кафолат ва имтиёзларнинг сўзсиз татбиқ этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
– муассасаларда меҳнат шароитлари ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга кўрсатма ёки тақдимнома киритиш;
– ўз аъзолари учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, иш жойларида санитария қоида ва меъёрларига амал қилинишини талаб этиш;
– муассасада меҳнат муҳофазаси масалалари устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш бўйича меҳнат жамоаси вакилларининг сайланишига эришиш;
– иш жойларида бахтсиз ходисалар ва касб касалликларини олдини олинишига, ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омилларини бартараф этилиши, ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат, қулай маиший шароитлар яратилишига кўмаклашиш;
– содир бўлган бахтсиз ходисалар ва касб касалликларининг сабаб ва оқибатларини, зарар тўловлари ҳисобланиши ва тўланишини ўрганиш, таҳлил қилиш, сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш, чора-тадбирлар ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
– меҳнат тартиби ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг ижтимоий-адолатли тизими жорий этилишига кўмаклашиш;
– тармоқ миқёсидаги ўртача иш ҳақи миқдорини таҳлил қилиш, ўз ваколатлари доирасида иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, оммавий тарзда ишдан бўшатилаётган ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
– ходимларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш ишларини, норасмий бандлик ҳолларини таҳлил қилиш, олдини олиш юзасидан тегишли таклифлар киритиш, ходимларнинг ўз малакасини ошириб боришига кўмаклашиш, меҳнат бозорида тенг рақобатлашиш имконига эга бўлмаган шахсларнинг иш ўринларига жойлаштирилиши, муассасаларда оммавий равишда ишдан бўшатиш зарурияти туғилган холларда ходимларга нисбатан амалдаги қонун ва меъёрий хужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатлар ва бошқа локал хужжатларда белгиланган кафолатлар қўлланилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш;
– соҳа ходимларининг касб имиджини сақлаш ва уни кўтариш бўйича иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари билан биргаликда тегишли чораларни амалга ошириш;
– муассасаларда умумхалқ ва касб байрамларини нишонлаш, турли кўриклар, танловлар, акциялар ва маданий-оммавий тадбирлар ташкил этиш;
– кам таъминланган, эҳтиёжманд касаба уюшма аъзоларига моддий ёрдам, ҳамжиҳатлик кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
– меҳнатда бошқаларга ибрат кўрсатган, фаол касаба уюшма аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиш;
– ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини санаторий – курортларда соғломлаштиришни ташкил қилиш, дам олиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, мусобақалар ташкил этиш, унинг оммавийлигини оширишга, иш вақтида ходимлар гимнастикаси жорий этилишида иш берувчига кўмаклашиш;
– касаба уюшмаси аъзолари ўртасида туризмни ривожлантириш, улар ўртасида миллатлараро, конфессиялараро тотувлик ҳамда миллий истиқлол ғояларини мустаҳкамлаш, маданий-маънавий, аҳлоқий-тарихий, шунингдек умумбашарий қадриятларни тарғибот-ташвиқот қилиш;
– меҳнат соҳасидаги устувор вазифалар, касаба уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ўқувлар, давра суҳбатлари, семинар, конференция ва учрашувлар ташкил қилиш;
– хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш;
– ёшларга оид давлат сиёсатига кўмаклашиш, ёш мутахассислар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устида доимий ишлаши, касбий маҳоратини мунтазам равишда ошириб бориши учун “Устоз-шогирд” тизими ва бошқа шонли анъаналарни йўлга қўйиш, давом эттириш;
– атроф муҳитнинг экологик мувозанатини сақлашга, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашиш;
– бандликка кўмаклашиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, яшил иш ўринлари яратилишига кўмаклашиш.
Ўз мақсад ва вазифаларига эришиш йўлида касаба уюшмаси давлат ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
III. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
3.1. Касаба уюшмаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– касаба уюшмаси ўз мол-мулкига, рамзларига, маблағига, юридик шахс сифатида банкда ҳисоб рақамига, муҳри, штампи ва бланкларига эга бўлади;
– касаба уюшмаси аъзоларига нисбатан, шунингдек, тармоқ муассасаларида меҳнат қилаётган ходимларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамда локал норматив хужжатларда белгиланган меъёрлар, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида касаба уюшмалари бирлашмаларини таъсис этиши, уларга ҳамда халқаро ва глобал касаба уюшма ташкилотларига аъзо бўлиши, турдош хорижий касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиши, улар билан шартномалар, ўзаро келишув ва битимлар тузиши, ўзаро тажриба алмашиниши, биргаликда тадбирлар ташкил қилиши мумкин;
– касаба уюшмаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар (бўлинмалар)нинг халқаро, шунингдек хорижий касаба уюшмалари харакатида иштирок этиши, ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари миллий бирлашмаси Устав талабларига зид бўлиши мумкин эмас;
– ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат идораларига мурожаатлар қилиши, судларга даъво аризалари киритиши ва суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли;
– ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиши, Ўзбекистон Республикасининг ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда меҳнат соҳасидаги хуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган халқаро шартномаларини тузишда, шунингдек унинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этиши, бу бўйича тегишли давлат, иш берувчилар ҳамда уларнинг бирлашмалари ахборотларини тинглаши мумкин;
– аъзоларининг меҳнат соҳасидаги хуқуқ ва манфаатларига алоқадор қонунлар, норматив ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатлар қабул қилиниш жараёнларида ўз таклифлари билан иштирок этиши мумкин;
– оммавий ахборот воситаларини таъсис этиши, белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириши, оммавий-ахборот воситалари, шунингдек электрон ва интернет тармоғида ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиши мумкин;
– Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши ва бу йўналишда ўз тузилмаларини ташкил этиши мумкин;
– фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан оммавий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари, семинарлар, танловлар, давра суҳбатлари, йиғилишлар, конференциялар, раёсатлар, Мажлислар ва Қурултойлар, шунингдек қонунда тақиқланмаган тартибда намойишлар ташкил қилиши мумкин;
– давлат органлари, хўжалик бошқарув органларига ахборот олиш тўғрисида сўровлар билан мурожаат этиш, шунингдек, ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот тарқатиш;
– аъзолар манфаатларини кўзлаган ҳолда ижтимоий шериклик масалалари бўйича иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари билан маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар ва шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш, имзолаш, ижроси таъминланиши устидан назорат ўрнатиш;
– тармоқ ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш.
Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
3.2. Касаба уюшмасининг мажбуриятлари:
– Қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этиш;
– мазкур Устав, ўзи аъзо бўлган касаба уюшма бирлашмалари Уставлари талабларига амал қилиш, уларнинг ваколат доирасида қабул қилган қарорлари ижросини таъминлаш;
– касаба уюшмаси пул маблағлари ҳамда мол-мулкидан ушбу Устав талабларини амалга ошириш доирасида мақсадли сарфланишини таъминлаш, ўз фаолиятида молиявий интизомга қатъий амал қилиш;
– ўз аъзолари олдида фаолияти бўйича ҳисобдорлик, касаба уюшмаси аъзоларига ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
– рўйҳатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;
– рўйҳатдан ўтказувчи давлат органи ҳамда солиқ ва статистика органларига, ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;
– ўз фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш;
– битимлар ва шартномалар, дастурлар ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларининг бажариш;
– фаолияти давомида касаба уюшма аъзоларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олинишини таъминлаш.
Касаба уюшманинг барча ташкилотларида иш юритиш коллегиал орган томонидан қарор қабул қилиш йўли билан амалга оширилади, ходимлар шахсий таркибига оид ҳужжатлар фармойишлар кўринишида юритилиши мумкин.
Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.
IV. КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
4.1. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ва ундан чиқиш ихтиёрийдир. Касаба уюшмасига аъзо бўлишдан олдин ҳар бир ходим, талаба ва ўқувчилар унинг Устави билан таништирилади.
4.2. Касаба уюшмаси Устави талабларини тан олувчи, бажарувчи ва аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб турувчи, ёши, касби, лавозими ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, санитария-гигиена ва аҳолига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилаётган фуқаролар ёки шу йўналишдаги олий ва профессионал таълим муассасаларининг талаба ва ўқувчилари касаба уюшмасининг аъзоси бўлишлари мумкин.
4.3. Агар қонун ҳужжатларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасида яшаётган, соҳада меҳнат қилаётган ёки таълим олаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам касаба уюшмасига аъзо бўлишлари мумкин ва тенг ҳуқуқлидир.
4.4. Муассасалар раҳбарлари ёки иш берувчи мақомига эга бўлган шахсларга ҳам касаба уюшмасига аъзо бўлишига йўл қўйилади, лекин бундай шахслар касаба уюшмаси аъзоси сифатида ўзига иш берувчи бўлган юқори ташкилот касаба уюшмаси ташкилотида рўйҳатга олинади. Аъзолик бадалларини ҳам ўша ташкилот бошланғич касаба уюшмаси ҳисоб рақамига ўтказади.
4.5. Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги аризалар якка тартибда ёки аъзоликка кирувчи шахс(лар)нинг жамоавий тартибдаги аризаларига кўра, бошланғич ташкилотнинг қарорига асосан амалга оширилади. Ариза берилган кундан бир ойдан кечикмасдан кўриб чиқилади.
Йирик муассасаларда касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ҳуқуқи касаба уюшма қўмитасининг қарори билан бошланғич ташкилотнинг цех қўмиталарига берилиши мумкин.
4.6. Муассасада касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти бўлмаган ҳолларда ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш касаба уюшмаси юқори тузилмаси коллегиал ижроия органи қарори билан амалга оширилади. Улар бир вақтнинг ўзида аъзоликка қабул қилинган касаба уюшма аъзосининг қайси касаба уюшма ташкилотида ҳисобда туришини ҳам белгилайдилар.
4.7. Касаба уюшмасига аъзолик бу тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан бошланади. Аъзолик стажи касаба уюшмасига қабул қилинган вақтдан бошланади.
4.8. Касаба уюшмаси аъзолари асосий ёки ўриндошлик асосида ишлашидан қатъий назар иш (ўқиш) жойларидаги касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида ҳисобда турадилар.
4.9. Ташқи ўриндошлик асосида ишловчи ходимлар бир вақтнинг ўзида бошқа бир тармоқ касаба уюшмасига ҳам аъзо бўлишига йўл қўйилади.
4.10. Касаба уюшмаси аъзолиги ва аъзолик муддати қуйидаги ҳолларда сақланиб қолади:
– ижтимоий таътилда бўлган даврда;
– касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаган ва аъзолик бадалларини тўлаб турувчи касаба уюшмаси аъзоси соғлиғи бўйича ёки пенсия ёшига етиб, иш фаолиятини тўхтатганда;
– ходимлар сони (штат)нинг ўзгариши ёки муассасанинг тугатилиши муносабати билан вақтинчалик ишсиз қолиб, меҳнат органларида иш қидираётган шахс сифатида рўйҳатдан ўтган касаба уюшмаси аъзоси — бошқа ишга жойлашгунга қадар 3 ойгача;
– ходим иш берувчи томонидан ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолларда – қайта ишга тикланса;
– ходим мавсумий ишларда банд бўлиб, кейинги мавсумда ишни қайта бошласа;
– мутахассислиги бўйича узоқ муддатга ўқишга, малака оширишга, қайта тайёрлаш ва стажировка ўтиш учун юборилганда, шу жумладан чет элларга ҳам;
– бошқа узрли сабабларга кўра (тегишли касаба уюшмаси коллегиал органининг қарори асосида).
4.11. Ходимнинг муассасадаги иш фаолиятини тўхтатиши унинг бошланғич ташкилот рўйҳатидан чиқарилишига асос бўлади. Лекин касаба уюшмаси аъзоси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг ҳам аризасига асосан, аъзолик бадалларини тўлаб туриш шарти билан аъзоликни давом эттириши мумкин. Бундай шахсларнинг аризаси касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти коллегиал органи томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор асосида амалга оширилади. Аризачини касаба уюшмаси аъзолигида қолдириш рад этилиши ҳақида қарор қабул қилинадиган холларда бу ҳақда амалдаги қонунларда белгиланган тартиб ва муддатларда ёзма жавоб берилиши шарт.
4.12. Устав талаблари бўйича мажбуриятларини бажармаган касаба уюшмаси аъзосига тегишли касаба уюшма ташкилоти коллегиал органининг қарори билан таъсир жазо сифатида огоҳлантириш берилиши мумкин.
4.13. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш ихтиёрийлик асосида касаба уюшмаси аъзосининг бу ҳақдаги аризасига асосан ёки таъсир жазо сифатида тегишли касаба уюшма ташкилоти коллегиал органларидан бирининг ташаббусига кўра, бошланғич ташкилот коллегиал органининг қарори асосида амалга оширилиши мумкин.
Касаба уюшмаси аъзосига нисбатан таъсир жазо сифатида уни касаба уюшмаси аъзолигидан чиқариш бўйича қарор фақатгина тегишли касаба уюшмаси ташкилотининг юқори турувчи коллегиал органи билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
4.14. Устав талабларини қасддан бажармаган, касаба уюшмаси мол-мулки, шаъни ва обрўсига асоссиз ва қасддан путур етказган аъзолар аъзоликдан чиқарилади.
Шунингдек, олти ойдан ортиқ узрли сабабларсиз аъзолик бадалларини тўламаслик ҳам (Уставнинг 4.10-бандида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилишига асос бўлиши мумкин.
4.15. Касаба уюшмаси аъзоси ўзининг аъзоликдан чиқарилиши масаласи кўрилаётган касаба уюшмаси коллегиал органи йиғилишида шахсан иштирок этиши мумкин. Аъзонинг ушбу йиғилишда иштирок этмаслиги бу ҳақдаги қарор қабул қилинишига монелик қилмайди.
Касаба уюшмаси аъзолигидан чиққан ёки чиқарилган шахсларга бошланғич ташкилот коллегиал органининг бу ҳақдаги қабул қилинган қароридан нусҳа 3 иш куни ичида тақдим этилади.
4.16. Касаба уюшмаси сафидан чиқарилган шахс унга бу ҳақда маълум қилинган кундан бошлаб бир ой ичида бу қарор юзасидан юқори касаба уюшмаси ташкилотига шикоят қилиши мумкин. Касаба уюшмаси коллегиал органи ариза қабул қилинган кундан кейин уни бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқади.
4.17. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилганлар, бир йил ўтгандан сўнг умумий асосларга кўра касаба уюшмаси аъзолигига қайтадан қабул қилиниши мумкин.
4.18. Касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқлари:
– ўзининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб ҳар қандай даражадаги касаба уюшмаси ташкилотларига мурожаат этиш ва мурожаати бўйича тегишли жавоб талаб қилиш;
– касаба уюшмаси ташкилотларидан бепул ҳуқуқий ёрдам олиш;
– касаба уюшмаси коллегиал органларига сайлаш ва сайланиш;
– касаба уюшмасининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида эркин муҳокама этиш ва танқид қилиш, таклифлар киритиш, ўз фикрини очиқ баён этиш ва ҳимоя қилиш, қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;
– ўз фаолияти ва хулқ-атворига тааллуқли масала кўриб чиқилаётган йиғилиш (конференция)лар, касаба уюшмаси коллегиал органлари мажлисларида шахсан қатнашиш;
– касаба уюшмаси ва унинг бирлашмалари тасарруфидаги ва бошқа санаторийларга, муассасаларнинг санаторий-профилакторийларига, дам олиш масканларига, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларига белгиланган тартибда имтиёзли йўлланмалар олиш;
– касаба уюшмалари тизимидаги ёки уларга фойдаланиш учун берилган маданият муассасалари, спорт иншоотларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
-касаба уюшмаси томонидан ўтказилаётган умумий йиғилишларда, ташкил қилинаётган оммавий тадбирларда иштирок этиш;
-касаба уюшмаси фаолиятига оид ўз таклиф ва мулоҳазаларини киритиш;
– касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда моддий ёрдам олиш;
– ихтиёрий равишда касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш.
4.19. Касаба уюшмаси аъзосининг мажбуриятлари:
– касаба уюшмаси Уставига риоя қилиш, касаба уюшмаси коллегиал органлари қарорларига амал қилиш ва бажариш;
– жамоа шартномалари ва келишувлари мажбуриятларининг бажарилишига кўмаклашиш;
– касаба уюшмаси гуруҳ, цех, бошланғич ташкилоти фаолиятида қатнашиш;
-касаба уюшмаси томонидан ўзига юклатилган жамоатчилик ишларига масъулият билан ёндашиш ва адо этиш;
– аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб бориш;
– касаба уюшмаси шаъни ва обрўсига путур етказадиган, фаолиятига зарар келтирадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик, касаба уюшмаси ҳақида қасддан бўҳтон ва ёлғон хабарлар тарқатмаслик;
– касаба уюшмаси устави талаблари қўпол равишда бузилаётган ёки унинг фаолиятига зарар келтирувчи ҳолатларга гувоҳ бўлганда бу ҳақда касаба уюшмаси юқори орган ёки ташкилотларига хабар бериш.
4.20. Касаба уюшмаси аъзолари меҳнатда эришган муваффақиятлари, касаба уюшмаси ташкилоти ишида фаол қатнашганлари учун қуйидагича рағбатлантирилиши мумкин:
– ташаккурнома эълон қилиниши;
– эсдалик совғаси билан мукофотланиши;
– пул мукофоти билан тақдирланиши;
– фахрий ёрлиқ билан тақдирланиши;
– эсдалик ва кўкрак нишонлари билан тақдирланиши;
– бепул йўлланмалар билан таъминланиши.
Рағбатлантиришнинг шакли ва тартиби касаба уюшмаси коллегиал органлари томонидан белгиланади.
V. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ
5.1. Касаба уюшмаси ташкилий тузилмаси қуйидагилардан иборат:
– бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари;
– касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бўлинма (Кенгаш)лари;
– Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бўлинма (Кенгаш)лари аппарати;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппарати.
5.2. Касаба уюшмаси тизимида хотин-қизлар, ёшлар билан ишлаш ва бошқа комиссиялар тузилиши мумкин, уларнинг фаолияти Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланадиган Низомлар асосида амалга оширилади.
5.3. Барча даражадаги касаба уюшмаси сайланма органларининг ваколат муддати 5 йил.
Касаба уюшмасининг ҳисобот-сайловлари оралиғида сайланган органлар ва уларга сайланганларнинг, шу жумладан ишлаб чиқаришда озод этилган ҳолда мансабга сайланганларнинг ваколатлари, улар қачон сайланганликларидан қатъий назар, навбатдаги ҳисобот сайловда ҳисобот бериши билан тугаган ҳисобланади.
5.4. Касаба уюшмасининг тузилмасига ўзгартириш киритиш касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлиси (кейинги ўринларда Кенгаш Мажлиси)нинг қарори билан амалга оширилади. Айрим ҳолларда ушбу ваколат Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига берилиши мумкин.
5.5. Касаба уюшмаси ихтиёрийлик асосда ташкил этилади ва ўз фаолиятини қуйидаги демократик принциплар асосида амалга оширади:
– қонунийлик;
– бирдамлик;
– иҳтиёрийлик;
– камситишга йўл қўймаслик;
– мустақиллик ва ўз-ўзини бошқариш;
– тенг ҳуқуқлилик;
– ошкоралик ва очиқлик.
5.6. Бундан ташқари қуйидагилар касаба уюшмаси фаолиятининг устувор принциплари ҳисобланади:
– қуйидан юқоригача барча касаба уюшма органларининг сайлаб қўйилиши, сайловларда ҳолислик ва адолат тамойилларига асосланиш;
– ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун принципига амал қилиш;
– қарорлар қабул қилишда коллегиаллик, музокаралар эркинлиги;
– манфаатлар йўлида бирлашиш, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик;
– аъзолар ўртасида дўстона муносабат ва қадриятларга ҳурмат;
– озчилик фикрини ҳурмат қилиш, кўпчилик манфаатининг устунлиги, ҳар бир аъзо манфаати учун курашиш;
– юқори касаба уюшмаси органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларининг қуйи ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийлиги.
5.7. Касаба уюшмаси ташкилотларини шакллантириш тартиби:
5.7.1. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси аъзоларининг таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан қабул қилинади.
5.7.2. Касаба уюшмасининг ҳудудий бўлинма (Кенгаш)ларини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан қабул қилинади. Худудий бўлинмаларнинг таъсис конференцияларида уларнинг тегишли органлари шакллантирилади.
5.7.3. Касаба уюшмаси органлари бевосита йиғилишларда, конференцияларда, Қурултойда сайланиши, шунингдек, белгиланган квотага мувофиқ касаба уюшмаси органи таркибига тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципи бўйича шакллантирилиши мумкин.
Бунда, касаба уюшмаси органини шакллантириш тартиби, вакиллар меъёри тегишли касаба уюшма органи томонидан белгиланади.
Тафтиш комиссиялари ҳам тегишлигича умумий йиғилиш, (конференция)ларда, Қурултойда сайланади.
VI. КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ОРГАНЛАРИДА САЙЛОВЛАР
6.1. Касаба уюшмасининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич ташкилотларидаги, шунингдек бўлинмалардаги сайловларда касаба уюшмаси органи раҳбарлик лавозимларига номзодлар умумий йиғилиш иштирокчилари ёки делегатлар томонидан илгари сурилади.
6.2. Касаба уюшмаси раиси ва раис ўринбосар(лар)и лавозим(лар)ига номзодлар Қурултойгача Кенгаш Мажлисида кўрсатилади.
6.3. Юридик шахс мақомига эга бўлган ёки бўлмаганидан қатъий назар, бошланғич ташкилотлар касаба уюшмаси органига раҳбарликка номзодларни иш берувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
6.4. Касаба уюшмаси тегишли органларига сайланган шахсларнинг ваколат муддатлари кейинги сайловларга қадар сақланиб қолади. Уларнинг ваколат муддати тугаган кун касаба уюшмаси органи томонидан сайлов ўтказилиши белгиланган йиғилиш, конференция, Қурултойда ҳисобот берган вақт ҳисобланади. Касаба уюшмаси тегишли коллегиал органи қарорига асосан сайланган шахсларнинг ваколати муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
6.5. Касаба уюшмасининг Кенгаш Мажлиси томонидан ҳисобот-сайлов кампанияларини ўтказиш бўйича қабул қилинадиган қарорларда сайловларни ўтказиш тартиби белгиланиши мумкин.
6.6. Касаба уюшмаси органларига сайловлар ўтказиш учун чақирилган умумий йиғилишларда умумий аъзолар сонининг, конференциялар ва Қурултойларда сайланган делегатларнинг 2/3 қисми қатнашаётганда кворум мавжуд деб ҳисобланади ва ваколатли деб белгиланади.
6.7. Касаба уюшмаси ташкилотининг кворум мавжуд бўлган умумий йиғилиши, конференция, Қурултойларда касаба уюшмаси ташкилотининг раҳбари лавозимига сайловларда номзодлар сони 2 нафар бўлганда сайловчиларнинг 50 фоизидан ортиғи овоз берган номзод сайланган ҳисобланади.
Сайловда иккала номзоддан бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз ололмаса, қайтадан бошқа номзодлар кўрсатилиб, улар ўртасида сайлов ўтказилади. Қайта сайловда хам номзодлардан бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз ололмаган холларда, бошқа номзодлар кўрсатилади ва шу тариқа номзодлардан бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз олгунга қадар сайлов жараёни такрорланиши мумкин.
6.8. Сайловда иштирок этаётган номзодлар сони 3 ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда сайлов натижасига кўра 50 фоиздан кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.
Номзодлардан хеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз олмаган холларда энг кўп овоз олган иккита номзод қолдирилиб, улар ўртасида қайта сайлов ўтказилади ва сайловда 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.
6.9. Умумий йиғилиш, конференциялар, Қурултойда сайланган касаба уюшмаси коллегиал органи аъзоси, раис ва раис ўринбосарининг муддатидан олдин ваколатини тугатиш зарурияти туғилган ёки муддатидан олдин бўшаб қолган ўринларга сайловлар ўтказиш лозим бўлган холларда умумий йиғилиш, конференциялар, Қурултойлар оралиғидаги даврда тегишли умумий йиғилиш, конференция, Қурултой сайлаган, ваколат бўйича умумий йиғилиш, конференция ва Қурултойдан кейинги коллегиал раҳбар орган йиғишида муддатидан олдин лавозимидан озод қилинишлари ва сайланишлари мумкин.
6.10. Ҳисобот-сайлов йиғилишлари, конференциялар ва Қурултойларга сайланган делегатларнинг ваколатларини кейинги ҳисобот сайлов йиғилишлари, конференция ва Қурултойга қадар узайтирилишига йўл қўйилади. Бу ҳақдаги қарор мазкур йиғилишда тасдиқланади.
6.11. Касаба уюшмаси йиғилишлари, конференцияси ёки Қурултойида аввал ташкилотнинг сайланма органи таркиби сон жиҳатдан тасдиқланиб сўнг унинг раҳбар(лар)и (раис ва раис ўринбосарлари) лавозимларига сайловлар ўтказилади.
Сайланган раҳбар(лар) эгаллаган лавозимига кўра шу сайланма орган аъзоси ҳисобланади.
VII. КАСАБА УЮШМАСИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИ
7.1. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган, уч нафардан кам бўлмаган аъзоларни бирлаштирган, тармоқ касаба уюшмаси Устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмадир.
7.2. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари мазкур Устав ҳамда бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (конференция)си томонидан тасдиқланадиган ўз Низомларига асосан фаолият юритади.
Мазкур Низомлар касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган “Бошланғич касаба уюшма ташкилоти тўғрисида”ги намунавий Низом асосида ишлаб чиқилади.
7.3. Касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотлари юридик шахс мақомига эга бўлган ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда тузилиши мумкин.
7.4. Юридик шахс мақомига эга бўлган ҳолда тузилган бошланғич ташкилотлар маҳаллий адлия органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда рўйҳатга олинади.
7.5. Юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари, бўлинмалари ўз ҳхтиёрларига кўра адлия вазирлигининг тегишли бўлимлари орқали ҳисобга қўйилади.
7.6. Касаба уюшмаси қўмиталари ва касаба уюшмаси ташкилотчилари бошланғич ташкилотлар ҳисобланади.
7.7. Касаба уюшмаси қўмиталари касаба уюшмаси гурух ва цех ташкилотларидан ташкил топиши мумкин.
7.7.1. Касаба уюшмаси гуруҳ ташкилоти – аъзолар сонидан қатъий назар, муассасанинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлим ва бўлинмаларида тузилган, шунингдек касаба уюшмаси цех ташкилотлари таркибига кирувчи, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ташкилот. Гуруҳ ташкилоти фаолияти гуруҳ ташкилотчиси томонидан юритилади.
15 нафаргача касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида қўмитанинг ваколатлари ва вазифалари умумий йиғилишга берилади.
Касаба уюшмасининг гуруҳ ташкилотчилари ўз фаолияти юзасидан аъзолар олдида ҳисобот беради.
Касаба уюшмаси гуруҳининг йиғилиши заруриятга қараб ўтказилади.
7.7.2. Касаба уюшмаси цех ташкилотлари – аъзолар сонидан қатъий назар, бевосита касаба уюшма қўмитаси таркибига кирадиган касаба уюшма ташкилотидир. Цех ташкилотлари юридик шахс мақоми мавжуд бўлган муассасада, ёхуд муассасанинг таркибий бўлинмаларида тузилади. Касаба уюшмаси цех ташкилоти таркибида бир нечта гуруҳ ташкилотлари бўлиши мумкин. Касаба уюшмаси цех ташкилотлари юридик шахс мақомига эга бўлмайди.
Касаба уюшмаси цех ташкилотларида жорий ишларни олиб бориш учун 5 йил муддатга таркиби 5 кишидан кўп бўлмаган касаба уюшма цех қўмитаси, шу жумладан унинг раиси сайланади. Касаба уюшмаси цех ташкилотлари банкда ҳисоб рақамига эга бўлмайди, лекин касаба уюшмаси қўмитаси қарорига кўра таркибий муҳр ва хос бланкига эга бўлиши мумкин.
Касаба уюшмаси цех қўмитаси бўлим, филиал, блок, пункт, факультет ва шунга ўхшаш бўлинмаларда касаба уюшмаси ишларини ташкил этади, касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотчилари ишларини йўналтиради, йиғилиш (конференция), касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти, касаба уюшмаси юқори коллегиал органлари қарорларининг бажарилишини таъминлайди. Ўз фаолияти юзасидан аъзолар олдида ҳисобот беради. Заруриятга қараб ўз йиғилишларини ўтказади.
7.8. Касаба уюшма ташкилотчиси – юридик мақомга эга муассаса ёки ташкилотларда сайланган, аъзолар сони 15 нафардан кам бўлган, ўз муҳри, банкда ҳисоб рақамига эга бўлган юридик шахс мақомидаги бошланғич ташкилот.
Касаба уюшма ташкилотчиси жорий этиладиган муассасаларда меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши касаба уюшмасининг ишларини олиб бориш учун 5 йил муддатга касаба уюшма ташкилотчиси ва ғазначисини сайлайди. Касаба уюшмасининг ташкилотчиси фаолияти юзасидан меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши олдида йилига камида 1 маротаба ҳисобот беради.
Касаба уюшма ташкилотчиси касаба уюшмасига берилган ҳуқуқлар доирасида ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, маиший, дам олиш, маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда бошқа масалаларда касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади, иш берувчи билан жамоа шартномасини тузади.
7.9. Касаба уюшма қўмиталари – 15 нафар ва ундан ортиқ аъзоларни бирлаштирган, ўзининг коллегиал органига эга бўлган, юридик шахс мақомидаги муассасаларда ташкил этиладиган бошланғич ташкилотдир.
Касаба уюшма қўмиталари қуйидаги органларга эга бўлади:
– Олий орган – ҳисобот-сайлов йиғилиши (конференцияси);
– коллегиал раҳбар орган – умумий йиғилиш (конференция);
– коллегиал ижроия органи — касаба уюшмаси қўмитаси;
– коллегиал назорат органи — тафтиш комиссияси (юридик шахс мақомидаги касаба уюшмаси қўмитасида).
Касаба уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши ёки конференцияси 5 йил муддатга касаба уюшма қўмитасининг аъзоларини ҳамда тафтиш комиссиясини сайлайди.
Қўмита раиси лавозимига сайланган шахслар эгаллаб турган лавозимига кўра қўмита аъзоси ҳисобланади. Аъзолари сони кўп бўлган йирик бошланғич касаба уюшма ташкилотларида жамоатчилик асосида қўмита раиси ўринбосари ҳам сайланиши мумкин.
Касаба уюшма қўмитасининг сон жиҳатдан таркиби бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг аъзолар сонидан келиб чиққан ҳолда, лекин тоқ сонли бўлиши шарт.
Йирик бошланғич ташкилотлар коллегиал ижроия органи сифатида ўз раёсатига эга бўлиши мумкин. Бундай холларда касаба уюшмаси ташкилотининг коллегиал раҳбар органи – касаба уюшма қўмитаси, Олий органи – Конференция ҳисобланади.
7.10. Ҳисоб рақамига эга бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотларида бошланғич ташкилотнинг молиявий фаолиятини юргизиш учун Республика Кенгаш раисининг ёзма розилиги билан, худудий кенгаш раёсати қарори асосида ҳисобчи лавозими жорий этилиши мумкин.
7.11. Молиявий фаолиятни юритиш учун жорий этилган лавозим асосий ишдан озод этилган холда ва штат бирлиги асосида ташкил этилганда – меҳнат шартномаси асосида фаолият олиб борувчи ҳисобчи, асосий ишидан озод этилмасдан, юклатиш орқали жорий этилганда – ғазначи деб юритилади.
Қўмита ҳисобчиси ёки ғазначиси билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилиши шарт.
7.12. Касаба уюшма қўмиталарида қўмита раиси, ҳисобчиси ёки ғазначиси лавозимларининг асосий ишидан озод этилган ёки озод этилмаган тарзда жорий этилиши бошланғич ташкилотнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари Раёсат қарорлари билан белгиланади.
7.13. Бошланғич ташкилотлар раислари, ҳисобчилари ва бошқа мутахассисларга ҳақ тўлаш тартиби ва унинг миқдорлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан тасдиқланадиган молиявий Тартиб асосида амалга оширилади.
7.14. Асосий ишидан озод этилган ва штат асосида фаолият юритувчи ҳисобчиларнинг бошланғич ташкилот коллегиал органларига сайланишига йўл қўйилмайди. Аъзолари кам сонли бошланғич ташкилотларда унинг коллегиал ижроия органи қарорига асосан ғазначи вазифаси қўмита аъзоларидан бирига юклатилиши мумкин.
7.15. Асосий ишдан озод этилган қўмита ҳисобчиси билан меҳнат шартномаси қўмита раиси томонидан, қўмита раиси билан қўмита ўртасида тузилган меҳнат шартномаси умумий йиғилиш (конференция) ваколат берган қўмита аъзоларидан бири томонидан имзоланади.
7.16. Касаба уюшма қўмитаси гуруҳ ва цех ташкилотларига ўзининг ваколатига кирадиган айрим ҳуқуқларни бериши, ўз комиссияларини ташкил қилиши ва уларнинг ваколатларини белгилаб бериши мумкин.
7.17. Касаба уюшма бошланғич ташкилотларида умумий йиғилиш (конференция) касаба уюшма ташкилотчиси ва қўмитаси томонидан, заруриятга қараб, лекин йилда камида бир маротаба чақирилади. Конференция ёки умумий йиғилишни чақириш, кун тартиби, конференция чақирилганда эса вакиллар меъёри тўғрисидаги қарор камида 3 кун аввал эълон қилади.
7.18. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларида касаба уюшма коллегиал ижроия органлари йиғилишлари заруриятга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта, коллегиал раҳбар органлари йиғилишлари — йилда камида бир марта, Олий органлари йиғилишлари беш йилда бир марта ўтказилади.
7.19. Бошланғич ташкилотлар умумий йиғилиш (конференция)ларида сайланган касаба уюшмаси коллегиал органлари аъзолари, раис ва раис ўринбосарларини касаба уюшмаси аъзолигидан чиқариш, муддатидан олдин лавозимидан озод қилиш ёки сайлаш бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (конференция)сида амалга оширилади.
7.20. Бошланғич ташкилотлар:
– муассасада ходимларнинг вакиллик органи сифатида ўз фаолиятини ташкил этади;
– касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифода этади, уларнинг меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ижтимоий-иқтисодий имтиёз ва кафолатларига риоя этилишини назорат қилади;
– иш берувчилар билан ходимлар номидан меҳнат соҳасида амалдаги қонун ва меъёрлар, шунингдек уларда белгиланганидан кўра кўпроқ имтиёз ва кафолатлар белгиланган жамоа шартномаларни лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади. Тайёрланган жамоа шартномаси лойиҳасини юқори касаба уюшмаси ташкилотига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этади;
– жамоа шартномаси лойиҳасини маъқуллаш учун меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ёки конференцияга киритади;
– иш берувчи ва меҳнат жамоаси номидан касаба уюшмаси билан тузилган жамоа шартномасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиб боради;
– муассасада меҳнат низоларини ҳал этишда иштирок этади, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига риоя этилиши, ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боради;
– касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил этади, меҳнат жамоасида маданий-маърифий ва жисмоний тарбия-спорт ишларини олиб боради, тадбирлар ташкил этади;
– касаба уюшма аъзолари ўртасида туризмни тарғиб қилади, мамлакатимизнинг ички туристик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда аъзолар ва уларнинг оила аъзоларини тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳларга саёҳатини, экотуризмни ташкил қилади;
– касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғиб қилган ҳолда муассасага янги ишга қабул қилинаётган ходимларни касаба уюшмасига қабул қилиш чораларини кўради;
– бошланғич ташкилот касаба уюшмаси бюджети сметасининг бажарилишини таъминлайди;
– давлат ижтимоий суғуртаси маблағларининг тўғри сарфланиши борасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;
– зарур ҳолларда касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатади ва фаолларни рағбатлантиради;
– ўз коллегиал раҳбар орган қарорлари ва ка-саба уюшмаси юқори ташкилотлари кўр¬сат-ма¬лари, уларнинг коллегиал органлари томонидан бошланғич ташкилотларга оид қабул қилинган қарорлари ижросини таъминлайди;
– касаба уюшмаси аъзоларини бошланғич ташкилот фаолиятида фаол иштирок этишга жалб қилади ва шароит яратади;
– касаба уюшмаси қуйи тузилмалари ишларига раҳбарлик қилади, ишларни ташкил этишда уларга амалий ёрдам кўрсатади;
– муассасанинг ташкилий ҳуқуқий шакли ўзгарганда, ҳуқуқий мақомини сақлаб қолиб, ўз фаолиятини давом эттиради;
– ўз фаолияти тўғрисида касаба уюшмаси бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференция)га ҳисобот бериб туради ва касаба уюшмаси назоратида бўлади.
7.21. Иш берувчи томонидан ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига даҳлдор ички локал меъёрий ҳужжатларни қабул қилишдан аввал тармоқ касаба уюшмаси юқори ташкилотини камида бир ҳафта олдин хабардор этишлари ёки жамоатчилик экспертизасидан ўтказишлари шарт.
7.22. Касаба уюшма бошланғич ташкилотининг фаолиятини тугатиш касаба уюшма худудий бўлинмаси билан келишган холда бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси)нинг қарори билан амалга оширилади.
Ушбу масалада касаба уюшма бошланғич ташкилотининг умумий йиғилиши (конференцияси)ни ўтказишнинг имкони бўлмаганда мазкур ташкилот касаба уюшма худудий бўлинмасининг қарори билан тугатилади. Муассаса тугатилганда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти автоматик равишда тугатилган ҳисобланади.
VIII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ТОШКЕНТ ШАҲАР ВА ВИЛОЯТЛАР ҲУДУДИЙ БЎЛИНМА (КЕНГАШ)ЛАРИ
8.1. Касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда ўз бўлинмаларига эга бўлади. Ушбу бўлинмалар касаба уюшмасининг худудий кенгашлари деб юритилади.
8.2. Қуйидагилар касаба уюшмаси худудий бўлинмаларининг органлари ҳисобланади:
Конференция – Олий орган;
Кенгаш – коллегиал раҳбар орган;
Раёсат – коллегиал ижроия орган;
Худудий кенгаш раиси – фаолиятини яккабошчилик асосида амалга оширувчи ижроия органи;
Худудий бўлинманинг тафтиш комиссияси – коллегиал назорат органи.
8.3. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлисининг қарорига мувофиқ касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кенгашлари ташкил этилади. Мазкур кенгашларни шакллантириш касаба уюшмасининг тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар Кенгашлари таъсис конференцияларида амалга оширилади.
8.4. Касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар кенгашлари ўз фаолиятини касаба уюшмаси Республика Кенгаши ёки унинг Ижроия қўми¬таси томонидан тасдиқланадиган намунавий Низом асосида ишлаб чиқиладиган ва кол¬легиал раҳбар органи қарори билан тасдиқ¬ланадиган Низомга мувофиқ амалга оширади ҳамда ҳудуддаги касаба уюшма¬сининг барча йўналишлари бўйича ишини ташкил қилади, бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқ¬лаш-тиради. Ҳудудий кенгашлар томонидан каса-ба уюшмаси фаолиятига оид барча масалалар раёсат ёки кенгаш ёҳуд конференцияларда кўриб чиқилади.
8.5. Касаба уюшмасининг худудий кенгашлари чет эл турдош касаба уюшмаларининг бўлинмалари билан ҳамкорлик келишувлари тузиши, ўзаро тажриба алмашиниши, биргаликда тадбирлар ўтказиши мумкин. Барча халқаро алоқалар Республика Кенгашининг руҳсати билан амалга оширилади.
8.6. Касаба уюшмаси ҳудудий кенгашлари раислари худуддаги касаба уюшмаси ва унинг коллегиал органлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.
8.7. Ҳудудий бўлинма конференциялари кенгаш аъзолари ичидан кенгаш раиси ўринбосарларини беш йил муддатга сайлашлари мумкин. Ҳудудий кенгаш раисининг ўринбосарлари асосий ишидан ажралмаган ҳолда жамоатчилик асосида фаолият юритиши мумкин.
8.8. Ҳудудий кенгашлар раёсатлари:
8.8.1. Касаба уюшмасининг худудий Кенгашлари йиғилишлари оралиғида тармоқ касаба уюшмаси ҳудудий кенгашининг коллегиал ижроия органи ҳисобланади. Худудий кенгаш раёсати аъзолари сони тоқ сонда, 7-11 нафаргача бўлиши мумкин. Кенгаш раёсат аъзолари 5 йил муддатга сайланади.
8.8.2. Кенгаш раёсатига касаба уюшмаси ҳудудий кенгаши раиси раҳбарлик қилади. Раёсат қарорлари кенгаш раиси томонидан имзоланади. Кенгаш раиси бўлмаган холларда Раёсат ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
8.8.3. Ҳудудий кенгаш раёсатлари ўз фаолияти давомида қуйидагиларни амалга оширади:
– касаба уюшмасининг Қурултойи, Республика Кенгаши Мажлиси ва Ижроия қўмитаси, Республика бўйича касаба уюшмалари бирлашмасининг худудий бўлинмасининг Олий, коллегиал раҳбар ва Ижроия органлари, ҳудудий бўлинма конференцияси, Кенгаш қарорларининг бажарилишини таъминлайди;
– тегишли ҳудудий тармоқ иш берувчилар бирлашмалари, хўжалик органлари, бошқармалари билан худуддаги тармоқ касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, маданий-маърифий, туризм ва спорт ишларини ривожлантириш ва бошқа масалалар бўйича келишувлар тузади, уларни амалга ошириш бўйича қўшма мажлисларда ахборотлар тинглайди ва қарор қабул қилади, уларнинг бажарилишини таъминлайди ҳамда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради;
– ташкилот ва муасасаларда жамоа шартномаларининг бажарилишини назорат қилади, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ишини мувофиқлаштириб туради ва ўз ҳуқуқ, вазифаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлайди ва амалий ёрдам кўрсатади;
– касаба уюшмаси ходимлари ўқувини ташкил қилади, касаба уюшмаси фаолиятидаги ижобий иш тажрибаларини умумлаштиради ва тарғиб этади;
– меҳнат ва меҳнат муҳофазасига доир ҳужжатларни амалга ошириш бўйича ишларни олиб боради, ишлаб чиқаришда уларга риоя этилишини назорат қилади;
– меҳнат, бандлик, соғломлаштириш, маиший, маданий, маърифий, жисмоний тарбия ва спортни, туризмни ривожлантириш ва бошқа масалалар юзасидан таклифлар киритади, уларни амалга оширилишини назорат қилади;
– аъзоларни касбга тайёрлаш ва қайта ўқитишни ташкил этилишига кўмаклашади;
– касаба уюшмаси тизимига янги аъзоларни жалб этиш, тармоққа оид тадбиркорлик субъектлари, нодавлат ташкилотларида касаба уюшма хизматини ташкил қилиш бўйича тадбирларни амалга оширади;
– худуддаги бошланғич ташкилотлар рўйхатини юритади;
– касаба уюшма ташкилотларига услубий, ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;
– конференцияга делегат этиб сайланганларнинг ваколатларини тасдиқлайди;
– тегишли кенгашлар берган ваколат доирасида бошқа ишларни амалга оширади.
8.8.4. Раёсат йиғилишлари заруриятга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
8.8.5. Ҳудудий кенгаш раиси ва унинг жамоатчилик асосидаги ўринбосари эгаллаб турган лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида раёсат аъзоси ҳисобланади.
8.9. Ҳудудий бўлинмалар Кенгашлари:
8.9.1. Касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари конференциялар оралиғида ҳудуддаги тармоқ касаба уюшмасининг коллегиал раҳбар органи ҳисобланади. Кенгаш аъзолари сони тоқ сонда, 15-25 нафаргача бўлиши мумкин. Кенгаш аъзолари 5 йил муддатга сайланади. Заруриятга қараб, лекин йилига камида бир маротаба ўзи сайланган орган ва аъзолари олдида ҳисобот беради.
8.9.2. Касаба уюшмаси худудий бўлинмалари Кенгашларининг йиғилишлари раёсат томонидан заруратга қараб, лекин йилига камида бир маротаба чақирилади.
8.9.3. Ҳудудий бўлинма кенгаши раиси ва унинг жамоатчилик асосидаги ўринбосари эгаллаб турган лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
8.9.4. Ҳудудий бўлинма Кенгашлари ўз фаолияти давомида қуйидагиларни амалга оширади:
– тармоқ касаба уюшмасининг ҳудуддаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари, бўлинмалари фаолияти юзасидан умумий раҳбарликни амалга оширади;
– касаба уюшмасининг Қурултойи, касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва ҳудудий бўлинма конференцияси қарорларининг, Республика бўйича касаба уюшмалари бирлашмасининг худудий кенгашлари конференцияси ва Кенгаш қарорларининг бажарилишини таъминлайди;
– тармоқни ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқиш чоғида хўжалик бошқарув органлари ишида иштирок этади;
– Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар миқёсидаги хўжалик бошқарув органлари, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмаси ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари олдида касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифода этади;
– касаба уюшма бюджетининг касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори билан белгиланган қисмини бошқаради;
– касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари конференцияларига вакиллик меъёрини белгилайди;
– кенгаш мажлислари оралиғида жорий масалаларни ҳал қилиш учун раёсат аъзоларини сайлайди;
– ўз фаолияти тўғрисида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари конференцияларига ҳисобот беради;
– худудий кенгаш раиси ўринбосарини, зарур холларда худудий кенгаш раисини сайлайди, лавозимидан озод этади;
– худудий кенгаш раиси лавозимига сайлов учун делегатлар томонидан киритилган номзодларни рўйхатга олади, кўриб чиқади ва конференция ёки кенгаш йиғилишида ўтказиладиган сайловларга киради.
8.10. Ҳудудий бўлинмалар конференциялари:
8.10.1. Конференция заруриятга қараб, лекин 5 йилда бир маротаба Кенгаш томонидан чақирилади ва конференцияга вакиллик меъёри ва делегатларни сайлаш тартибини белгилайди.
Конференцияни чақириш ва кун тартиби тўғрисида камида бир ой илгари маълум қилинади.
8.10.2. Навбатдан ташқари конференция тегишли ҳудудий бўлинма бирлаштирган бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг 1/3 қисмининг талаби ёки тегишли кенгашнинг, шунингдек юқори касаба уюшмаси коллегиал органларининг қарорига кўра чақирилиши мумкин. Конференцияни чақириш, вакиллик меъёри ва кун тартиби тўғрисида камида ўн кун илгари маълум қилинади.
8.10.3. Конференция қуйидаги ваколатларга эга :
– ҳудудий бўлинма Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг фаолиятлари ҳақидаги ҳисоботни эшитади;
– ҳудудий бўлинма Кенгашининг келгуси беш йиллик фаолиятининг устувор йўналишларини белгилайди;
– тегишли юқори касаба уюшма ташкилотлари конференциялари, Қурултойига делегатлар сайлайди;
– белгиланган меъёр бўйича тегишли юқори касаба уюшма коллегиал органлари таркибига вакиллар сайлайди;
– касаба уюшмаси ҳудудий бўлинма Кенгашини, мазкур ташкилотлар тафтиш комиссияларини сайлайди, шунингдек тўғридан-тўғри кенгашлар таркибига вакил этиб сайланганларнинг ваколатларини тасдиқлайди;
– касаба уюшмаси ҳудудий кенгаши раисини сайлайди.
8.11. Худудий кенгаш раиси:
– ўз фаолиятини яккабошчилик асосида амалга оширувчи ижро органи бўлиб, худудий бўлинмага раҳбарлик қилади, бир вақтнинг ўзида худудий Кенгаш ва Кенгаш раёсати раиси ҳисобланади;
– касаба уюшмаси Устави бўйича худуддаги вазифаларини, шунингдек, касаба уюшмаси коллегиал органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этади ва касаба уюшмаси юқори ташкилотлари ва органлари олдида ҳисобдордир;
– худуддаги давлат хокимияти органлари, иш берувчилар бирлашмалари ва бошқа ташкилотларда, оммавий аҳборот воситаларида худудий бўлинма номидан иш кўради;
– ишончномасиз худудий кенгаш номидан иш кўради;
– худудий Кенгаш ва тафтиш комиссиясининг қўшма йиғилишларини ўтказади;
– зарур ҳолларда худудий кенгаш номидан баёнотлар беради, мурожаатнома ва тақдимномалар юборади;
– меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказишда худуддаги касаба уюшмасининг вакиллари иштирокини таъминлайди;
– Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қонунчилигига зид келадиган, касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи ҳаракатлар содир этилганда худуддаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, иш берувчи ва уларнинг бирлашмаларига ушбу ҳаракатларни бекор қилиш бўйича талаблар қўяди;
– худуддаги ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга, шунингдек, ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритади;
– худуддаги касаба уюшмаси ходимлари ва фаолларини қўшимча рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;
– худуддаги касаба уюшмаси бюджетининг, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга, маънавият ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган маблағлар жорий ижросини таъминлайди, шунингдек, касаба уюшмаси худудий кенгаши аппаратининг молиявий-хўжалик фаолиятини бошқаради;
– касаба уюшмаси худудий кегаши аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ва бекор қилади, уларнинг вазифаларини белгилайди, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди;
– худуддаги қуйи касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилади;
– ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган бошланғич ташкилот фаолларига нисбатан ваколат доирасида чора кўриш бўйича касаба уюшмаси тегишли органларига таклиф киритади ёки Тафтиш комиссиясига ўрганиш бўйича мурожаат этади;
– худудий бўлинма Низомида белгиланган ваколати доирасида фармойишлар чиқаради;
– худудий кенгаш номидан ишончнома беради;
– худудий кенгаш раёсатини чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан раёсат йиғилишига материаллар тайёрланишини ташкил қилади, масалаларни киритади, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди ва назорат қилади;
– худудий кенгаш ва кенгаш раёсати қарорларини имзолайди;
– худудий кенгаш номидан битим ва шартномаларни имзолайди;
– конференция, кенгаш ва кенгаш раёсати томонидан берилган ваколатлар доирасида бошқа ташкилий бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларига оид функцияларни ҳам амалга оширади.
8.12. Ҳудудий кенгашлар аппарати:
8.12.1. Касаба уюшмаси Устави ҳамда ўз Низомларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ҳудудий кенгашлар ўз аппаратига эга бўлиши мумкин.
8.12.2. Ҳудудий кенгашлар аппарати штатлар жадвали Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси билан келишган ҳолда ҳудудий кенгашлар раёсати томонидан тасдиқланади.
8.12.3. Касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида ҳудудий кенгаш раислари ҳисобланади ва ҳудудий кенгаш аппарати ходимлари билан меҳнат муносабатларига киришади.
8.12.4. Ҳудудий кенгашлар аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ҳамда улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш Республика Кенгаши раиси билан келишган ҳолда амалга оширилади.
8.12.5. Белгиланган тартибда бошланғич ташкилотлар жамоа шартномалари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказади.
8.12.6. Бошланғич ташкилотларга жамоа келишувлари етказилиши таъминлайди, жамоа шартномаларининг уларга мослаштирилиши ва ижросини назорат қилади.
8.12.7. Лавозим йўриқномасида белгиланган бошқа вазифаларни бажаради.
IX. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ОРГАНЛАРИ
9.1. Қуйидагилар касаба уюшмасининг раҳбар органлари ҳисобланади:
– Қурултой – касаба уюшмасининг Олий органи;
– Республика Кенгаши – касаба уюшмасининг Қурултойлари оралиғида доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал раҳбар органи;
– Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси – касаба уюшмаси фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширувчи коллегиал ижро органи;
– Касаба уюшмаси раиси – фаолиятини яккабошчилик асосида амалга оширувчи ижро органи
– Тафтиш комиссияси – касаба уюшмасининг коллегиал назорат органи;
9.2. Қурултой – касаба уюшмасининг Олий органи ҳисобланади ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан заруриятга қараб, лекин беш йилда камида бир маротаба чақирилади. Қурултой чақириш ҳақидаги қарор, унга вакиллик меъёри, кун тартиби ҳақида камида икки ой олдин эълон қилинади. Қурултойга сайланган вакиллар ваколати навбатдаги Қурултойгача сақланиб қолиши мумкин.
Навбатдан ташқари Қурултой касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори асосида чақирилади. Навбатдан ташқари Қурултой чақирилиши ҳақидаги қарор ва кун тартиби, унинг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида камида бир ой олдин эълон қилинади.
9.3. Касаба уюшмаси коллегиал органлари таркибига давлат органлари раҳбарлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчиларнинг аъзо бўлиб сайланишига йўл қўйилмайди.
9.4. Касаба уюшмасининг Қурултойи:
– касаба уюшмасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш, тўғрисида қарор қабул қилади;
– касаба уюшмасига аъзолик бадали миқдорини белгилайди;
– Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади ва муҳокама этади, улар юзасидан қарор қабул қилади:
– касаба уюшмаси фаолиятининг келгуси беш йиллик устувор йўналишларини белгилайди;
– касаба уюшмасининг Уставини, дастурий ҳужжатларни ва Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомни ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларни қабул қилади, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
– Республика Кенгашининг раисини, унинг ўринбосар (лар)ини 5 йил муддатга сайлайди;
– Республика Кенгашининг сон жиҳатидан таркибини белгилайди ва аъзоларини 5 йил муддатга сайлайди;
– касаба уюшмаси тафтиш комиссияси аъзоларини ҳамда унинг раисини 5 йил муддатга сайлайди;
– ўзи аъзо бўлган Ўзбекистон Республикасидаги касаба уюшмалари бирлашмасининг Олий органи йиғилишига делегатларни, шунингдек, унинг коллегиал раҳбар органи таркибига вакилларни сайлайди.
9.5. Касаба уюшмаси Қурултойи ўзининг айрим ваколатларини касаба уюшмаси Республика Кенгашига бериши мумкин.
9.6. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлиси —Қурултойлар орасидаги даврда касаба уюшмасининг коллегиал раҳбар органи ҳисобланади. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлиси заруриятга қараб, лекин бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.
Республика Кенгаши Мажлислари Ижроия қўмита қарорига асосан ёки Республика Кенгаши аъзоларининг камида 1/3 қисми талабига, шунингдек касаба уюшмаси раиси ташаббусига кўра чақирилиши мумкин.
Республика Кенгаши Мажлисларини касаба уюшмаси раиси, у бўлмаган вақтда ўринбосар(ларидан бири) олиб боради.
Республика Кенгаши Мажлисида кўрилган масалалар бўйича хулосалар қарор шаклида қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.
9.6.1. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши қуйидаги ваколатларга эга:
– касаба уюшмаси Қурултойлари оралиғида унинг қарорларини, Кенгаш қарорлари ижроси таъминланишини ташкил қилади ва бажарилишини назорат қилади;
– касаба уюшмаси Қурултойи томонидан белгиланган устувор йўналишлар доирасида касаба уюшмасининг йиллик устувор йўналишларини белгилайди;
– тармоқда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлашга оид ишларнинг аҳволини таҳлил қилиб боради;
– Касаба уюшмаси Қурултойини чақиради;
– Республика Кенгашининг Қурултой олдидаги ҳисоботи лойиҳасини ва маърузачисини тасдиқлайди;
– Қурултойдан олдин касаба уюшмаси раиси ва ўринбосар(лар)и лавозими учун делегатлар вакиллари томонидан илгари сурилган номзодларни рўйҳатга олади, кўриб чиқади ва сайловларда иштирок этиши учун тавсия этади;
– зарурат туғилган холларда Қурултойлар оралиғида касаба уюшмаси раисини, унинг ўринбосар(лар)ини сайлайди ва вазифасидан озод этади;
– касаба уюшмаси рамзларини тасдиқлайди;
– касаба уюшмаси бюджетини ўрнатилган тартибда бошқаради, аъзолик бадаллари тушумини касаба уюшмаси бошланғич ва юқори ташкилотларига фоизлар ҳисобида тақсимланиш меъёрларини белгилайди;
– халқаро ва глобал касаба уюшмалари бирлашмаларига аъзолик масаласини кўриб чиқади, уларга ўз вакилларини йўллайди ва чақириб олади;
– касаба уюшмаси тизимида молиявий тартибга оид Низом, ва йўриқномаларни тасдиқлайди;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳисоботини тинглайди, тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади ва ҳал қилади;
– ўз фаолияти ҳақида касаба уюшмаси Қурултойига ҳисобот беради;
– Қурултойлар оралиғида мазкур Уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиши мумкин;
– зарур ҳолларда касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларини Кенгаш таркибдан чиқаради, янги аъзоларни сайлайди;
– зарурият бўлганда Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисида тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлайди;
– ўзи аъзо бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва бошқа халқаро ва глобал касаба уюшмалари бирлашмалари Олий органлари қарорлари ва уларнинг (коллегиал) органлари қарорларининг бажарилишини ташкил қилади;
– ўзининг амалий фаолиятида бошқа касаба уюшмалари билан алоқада бўлади;
– ўзининг айрим ваколатларини Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига, касаба уюшмаси раисига бериши мумкин.
9.6.2. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлисларини ўтказиш ва кун тартиби ҳақида камида 10 кун аввал, навбатдан ташқари Мажлисларни ўтказиш зарурияти туғилганда бу ҳақда камида 3 кун олдин Кенгаш аъзоларига маълум қилинади.
9.6.3. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши таркиби 45 кишидан ошмаган ҳолда, тоқ сонли қилиб белгиланади.
9.6.4. Республика Кенгаши Устав талабларини ҳаётга татбиқ этиш, касаба уюшмаси ишларини мувофиқлаштириш, жорий ва ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ўз Ижроия қўмитасининг сон ва таркибини белгилайди ва сайлайди.
9.6.5. Республика Кенгаши раиси, унинг ўринбосари лавозимига кўра касаба уюшмаси Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
9.7. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қуйидагиларни амалга оширади:
– тармоқ касаба уюшмасининг фаолияти бўйича тегишли қарорлар қабул қилади, ушбу қарорлар ижросини назорат қилиб боради;
– тегишли вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, иш берувчилар билан ҳамкорликда тармоқ жамоа келишувлари ҳамда битимларини тузади ва тасдиқлайди;
– муассаса ва ташкилотларда жорий этилган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига доир қарорлар, локал ҳужжатлар қабул қилувчи бошқарув органлари (кузатув кенгашлари, ҳайъатлар, комиссиялар ва ҳ.қ.) таркибига касаба уюшма қўмитаси раислари ёки касаба уюшмаси ташкилоти вакилларини албатта киритилиши масаласи тармоқ жамоа келишувларида акс эттирилишига эришади;
– хўжалик бошқаруви органларининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилган қарорларини бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;
– тармоқда давлат ижтимоий дастурлари бажарилишини таъминлаш, юқорироқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар (ёшлар, ногиронлар, қариялар, болали аёллар ва ҳ.к.) манфаатларини ҳимоя қилиш борасида иш олиб боради;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлислари оралиғида касаба уюшмаси фаолиятини бошқаради ва бажарилган ишлар тўғрисида йилда камида бир маротаба навбатдаги Мажлисда ахборот беради;
– ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун белгиланган ижтимоий суғурта маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилади;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппаратининг иш режасини тасдиқлайди;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлисини чақиради.
– касаба уюшмасининг штатлар жадвали, даромадлар ва ҳаражатлар сметасини тасдиқлайди;
– касаба уюшмаси молиявий фаолиятини амалга оширади ҳамда моддий ёрдам, мукофот пуллари ва бошқа тўловларнинг миқдорини тасдиқлайди;
– касаба уюшма мол-мулкини тасарруф қилади;
– касаба уюшмаси органлари ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Низомларни ва касаба уюшмаси аъзолари сонидан келиб чиқиб, касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг ҳақ олиб ишлайдиган ходимлари сонининг меъёрини, касаба уюшма қўмиталарининг асосий ишидан озод этилмаган раисларига қўшимча тўловлар миқдорини тасдиқлайди;
– халқаро касаба уюшмалари ташкилотларига ва бирлашмаларига аъзо бўлиш, унга вакил юбориш ёки ундан чиқиш тўғрисида Республика Кенгашига таклифлар киритади;
– касаба уюшмаси ходимлари, фаоллари, Республика Кенгаши аппарати ходимларини Давлат мукофотлари, касаба уюшмалари ва уларнинг бирлашмалари, ижтимоий шерикларнинг Фахрий ёрлиғи, кўкрак нишонлари билан тақдирлашга тавсия этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
– қуйи ташкилотларнинг таклифи билан Республика Кенгаши раҳбарлик лавозимларига заҳира таркибини тасдиқлайди;
– барча даражадаги касаба уюшмаси органлари аппарати ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;
– касаба уюшмаси фаолиятини ташкил этишга оид Низомлар, Тартиблар, Йўриқномалар, Қоида ва меъёрларни тасдиқлайди;
– ижтимоий – меҳнат масалалари бўйича тармоқ комиссияларидаги касаба уюшмаси вакиллари таркибини тасдиқлайди;
– касаба уюшмаси вакилларини хорижий хизмат сафарларига юбориш ҳақида қарорлар қабул қилади;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши ваколат берган бошқа вазифаларни амалга оширади.
9.7.1. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишларини чақириш ва унинг кун тартиби ҳақида хабар камида 3 кун олдин маълум қилинади.
9.7.2. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси 15 нафардан кўп бўлмаган ҳолда тоқ сонда шакллантирилади.
9.7.3. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, унинг ўринбосар(лар)и лавозимига кўра Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади.
9.8. Касаба уюшмаси раиси:
– ўз фаолиятини яккабошчилик асосида амалга оширувчи ижро органи бўлиб, касаба уюшмасига раҳбарлик қилади, бир вақтнинг ўзида Республика Кенгаши ва Ижроия қўмитаси раиси ҳам ҳисобланади;
– касаба уюшмаси раиси ҳамда Республика Кенгаши раиси сўзлари бир хил маънони англатади;
– касаба уюшмаси раиси лавозимига қоида тариқасида фақат олий тиббий маълумотга эга бўлган шахслар сайланиши мумкин.
– касаба уюшмаси Устави бўйича вазифаларини, шунингдек, касаба уюшмаси органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этади ва уларнинг олдида ҳисобдордир;
– Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органларида, ўзини ўзи бошқариш органларида, иш берувчилар, жамоат бирлашмаларида, бошқа ташкилотларда, оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда касаба уюшмаси номидан қатнашади;
– давлат ва хўжалик бошқарув органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) очиқ ҳайъат мажлисларида касаба уюшмаси номидан иштирок этади;
– ишончномасиз касаба уюшмаси номидан иш кўради;
– белгиланган тартибда касаба уюшмаси билан келишиш учун киритилган . норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини касаба уюшмаси номидан келишиш тариқасида имзолайди ёки ўз таклиф ва эътирозларини билдиради;
– Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма Мажлисларини ўтказади;
– зарур ҳолларда касаба уюшмаси номидан баёнотлар беради, мурожаатнома ва тақдимномалар юборади;
– меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказишда касаба уюшмасининг вакиллари иштирокини таъминлайди;
– Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қонунчилигига зид келадиган, касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи ҳаракатлар содир этилганда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, иш берувчи ва уларнинг бирлашмаларига, ушбу ҳаракатларни бекор қилиш бўйича талаблар қўяди;
– ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга, шунингдек, ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритади;
– касаба уюшмаси ходимлари ва фаолларини қўшимча рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;
– касаба уюшмаси бюджетининг, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга, маънавият ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган маблағлар жорий ижросини таъминлайди, шунингдек, касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппаратининг молиявий-хўжалик фаолиятини бошқаради;
– касаба уюшмаси раиси ўринбосар(лар)ини сайлаш ёки лавозимидан озод этиш бўйича Республика Кенгашига таклифлар киритади;
– касаба уюшмаси раиси ўринбосар(лар)и ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ва бекор қилади, уларнинг вазифаларини белгилайди, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди;
– қуйи касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилади;
– ўз фаолиятида камчиликларга йўқ қўйган касаба уюшмаси бўлинмалари раҳбар ва масъул шахсларига нисбатан ваколат доирасида чора кўриш бўйича Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига ёки тегишли касаба уюшмаси бўлинмаси коллегиал органларига таклиф киритади ёки Тафтиш комиссиясига ўрганиш бўйича мурожаат этади;
– касаба уюшмаси томонидан таъсис этилган ташкилотларга умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг раҳбарлари билан белгиланган тартибда меҳнат муносабатларини олиб боради;
– чет эл хизмат сафарига борадиганлар номзодларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
– мазкур Уставда белгиланган ваколати доирасида фармойишлар чиқаради;
– касаба уюшмаси номидан ишончнома беради;
– Республика Кенгаши Ижроия қўмитасини чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишига материаллар тайёрланишини ташкиллаштиради, Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишига масалаларни киритади, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди ва назорат қилади;
– Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорларини имзолайди;
– касаба уюшмаси номидан битим ва шартномаларни имзолайди;
– Қурултой, Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан берилган ваколатлар доирасида бошқа ташкилий бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларига оид функцияларни ҳам амалга оширади;
– ўзининг айрим ваколатларини ўринбосар(лар)ига, қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари раҳбарларига бериши мумкин.
9.9. Республика Кенгаши раиси ўринбосар(лар)и ўз фаолиятини касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланадиган лавозим йўриқномаси ҳамда Республика Кенгаши раисининг вазифалар тақсимотига асосан олиб боради(лар).
X. КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ТАФТИШ КОМИССИЯЛАРИ
10.1. Касаба уюшма ташкилотларининг тафтиш комиссиялари мустақил коллегиал назорат органлари бўлиб, улар касаба уюшмасининг тегишли сайлаб қўйиладиган органлари билан бир вақтда тегишли умумий йиғилишларда, конференцияларда, Қурултойда ўша муддатга ва ўша тартибда, комиссия раиси ҳамда аъзолари таркибида сайланадилар, уларни сайлаган орган олдида ҳисобот берадилар.
10.2. Тафтиш комиссияси аъзолари — касаба уюшмаси коллегиал раҳбар органлари ишида маслаҳат овози билан қатнашиш ҳуқуқига эга.
10.3. Тафтиш комиссиялари ўз фаолиятини касаба уюшмаси Устави ҳамда касаба уюшмаси Қурултойи томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ олиб борадилар.
10.4. Касаба уюшмаси тафтиш комиссияси ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан биргаликда ўтказилган қўшма Мажлисида, касаба уюшмасининг тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10.5. Тафтиш комиссияси таркибига сайланган касаба уюшмаси аъзолари бир вақтда бошқа сайлаб қўйиладиган касаба уюшмаси коллегиал раҳбар органлари аъзоси бўлишлари мумкин эмас.
11.1. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя ниши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаси ўз инспекциясини тузиши мумкин.
11.2. Инспекцияни тузиш ёки тугатиш хақидаги қарор Республика Кенгаши томонидан қабул қилинади.
11.3. Касаба уюшмаси инспекцияси ўз фаолиятини амалдаги қонунлар ҳамда касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади.
XII. КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ АППАРАТИ
12.1. Ўзининг мазкур Уставдаги мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун Республика Кенгаши ўз аппаратига эга бўлади.
Республика Кенгаши аппарати ходимлари сони ва мутахассислик бўйича таркиби Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган штатлар жадвали асосида белгиланади. Касаба уюшмаси раиси касаба уюшмаси аппаратига бевосита раҳбарлик қилади.
12.2. Республика Кенгаши аппарати:
– касаба уюшмаси фаолиятини ташкил этишга оид Низомлар, Тартиблар, Йўриқномалар, Қоида ва меъёрлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
– касаба уюшмаси худудий бўлинмалари ва бошланғич ташкилотларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;
– жамоа шартномаларининг тармоқ макетларини ишлаб чиқади, тегишли тартиб ва Низомда кўрсатилган тармоққа мансуб юридик шахсларнинг жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказади;
– муассаса ва ташкилотларга, бошланғич ташкилотлар ва худудий бўлинмаларга тармоқ жамоа келишувлари етказилишини, жамоа шартномалари уларга тўлиқ мослаштирилишини таъминлайди ва ижроси таҳлилини олиб боради;
– тармоқда жамоа шартномалари бажарилиши бўйича статистик ҳисоботларни юритади
– Республика Кенгаши ва унинг Ижроия қўмитаси йиғилишларига муҳокама этилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар тайёрлайди ва тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ташкил этади;
– касаба уюшмаси аъзолари ва фаоллари ўқувини ташкил этади, касаба уюшмаси ишидаги ижобий тажрибаларни умумлаштиради ва оммалаштиради;
– тармоқ ходимларига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Хукумати, ходимлар вакили ва иш берувчилар вакили томонидан имзоланадиган Бош жамоа келишувга киритиш учун таклифлар тайёрлайди;
– касаба уюшмасининг мухим йўналишлари бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқади, белгиланган тартибда экпертизадан ўтказади, тармоқ касаба уюшмаси органларига етказилишини таъминлайди;
– қуйи ташкилотларнинг таклифи билан Республика Кенгаши раҳбарлик лавозимларига заҳира таркибини шакллантиради;
– тармоқ ходимларига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Хукумати, ходимлар вакиллик органи ва иш берувчилар вакиллик органи томонидан имзоланадиган Бош жамоа келишувга киритиш учун ходимлар вакиллик органига таклифлар тайёрлайди.
– касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппарати ўз фаолиятини Ижроия қўмита томонидан тасдиқланадиган Регламент ва лавозим йўриқномасида кўрсатилган бошқа бошқа вазифаларни амалга оширади.
XIII. ХОДИМЛАР ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ
13.1. Барча даражадаги касаба уюшмаси ташкилотларида сайланма лавозимга сайлангани муносабати билан ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган шахслар, шунингдек, касаба уюшмаси ташкилотлари аппаратларида меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлар билан меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари ва келишувлари ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.
13.2. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимлар билан 5 йилга муддатли меҳнат шартнома тузилади, улар билан меҳнат шартномаси умумий йиғилиш, конференция, Қурултой ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
13.3 Касаба уюшмасининг ишлаб чиқарпишдаги ишидан озод этилган коллегиал органи раҳбари (раиси) ва раҳбар ўринбосари, шунингдек ўринбосарлари ўз хохишига кўра лавозимдан озод этишни (меҳнат шартномасини бекор қилишни) сўраб ариза берган ҳолларда, шунингдек Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 1-бандига кўра ҳамда Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра уни (уларни) лавозимдан озод этиш (меҳнат шартномасини бекор қилиш) учун мазкур органнинг қарори талаб этилмайди. Бундай ҳолларда ваколатли коллегиал орган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келган сабабни маълумот учун қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
13.4. Коллегиал орган раиси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги фармойиш ваколатли орган ваколат берган шахс томонидан имзоланади. Раис ўринбосар(лар)и билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги фармойиш раис томонидан имзоланади. Раис ва раис ўринбосар (лар)и бир вақтда лавозимдан озод этиш тўғрисида ариза берган холларда ваколатли орган ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
13.5. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди ва меҳнат дафтарчалари ходимлар билан меҳнат шартномаси тузган касаба уюшмаси ташкилотида сақланади.
13.6. Аппарат ходимлари билан касаба уюшмаси раиси меҳнат шартномасини тузади.
XIV. КАСАБА УЮШМАСИ КОЛЛЕГИАЛ ОРГАНЛАР ЙИҒИЛИШЛАРИ ВА САЙЛОВЛАРДА ОВОЗ БЕРИШ ШАКЛЛАРИ
14.1. Конференциялар ва Қурултойда сайланган делегатларнинг 2/3 қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
14.2. Касаба уюшмаси бошқа коллегиал органлари мажлислари тегишлича ушбу касаба уюшмаси органи аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса ваколатли ҳисобланади.
14.3. Барча йиғилишларда қатнашчиларнинг 50 фоизидан кўпи овоз берган қарорлар қабул қилинган ҳисобланади.
14.4. Касаба уюшмаси ташкилотчиси, касаба уюшмаси гурух ташкилоти ва цех ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига сайловлар очиқ ёки яширин (ёпиқ) шаклда ўтказилиши мумкин.
Касаба уюшмаси коллегиал органлари аъзоларини, касаба уюшмаси конференциялари ва Қурултойларига делегатларни сайлаш шакли очиқ ёки яширин (ёпиқ) бўлиши мумкин.
Овоз бериш усули ҳақидаги қарор тегишли йиғилиш, конференция, Кенгаш ва Қурултой томонидан белгиланади.
14.5. Касаба уюшмасининг юридик шахс мақомига эга бўлган бошланғич ташкилотлари, худудий бўлинма (Кенгаш)лари раҳбарлари ва Республика Кенгаши раиси ва унинг ўринбосар(лар)и лавозимларига сайловлар муқобиллик асосида фақат яширин (ёпиқ) овоз бериш йўли билан ўтказилади.
14.6. Мазкур Устав бўйича юқори турувчи орган қарор қабул қилиш давомида бўйсунув бўйича қуйи турувчи орган ваколатларига доир масалаларни ҳам хал этиши мумкин.
14.7. Юқори турувчи орган бўйсинуви бўйича қуйи турувчи органнинг қонун ва мазкур Устав талабларига зид қарорларини қайта кўриб чиқиш учун тегишли орган ёки ваколатли шахсга юбориши, коллегиал органлар ваколатига доир масалалар юзасидан эса унинг навбатдан ташқари йиғилишини белгиланган тартибда чақириши мумкин.
14.8. Кечиктириб бўлмайдиган холларда ҳар қайси юқори орган тизим бўйича ҳар қайси қуйи органнинг қарорини бекор қилиши, қисман бекор қилиши ва мазкур масала бўйича янги қарор қабул қилиши мумкин.
XV. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ, МОЛ-МУЛКИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ ВА САРФЛАНИШИ
15.1. Касаба уюшмасининг пул маблағлари касаба уюшмаси аъзоларининг бадалларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан тушган тушумлардан, Уставда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун амалга ошириладиган ишлаб чиқариш-хўжалик, шунингдек лицензия асосидаги ноширлик фаолиятидан, ҳомийларнинг касаба уюшмасини қўллаб-қувватлаш учун берган ёрдамлари ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятидан келадиган маблағлардан ташкил топади.
15.2. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендия)нинг бир фоизи миқдорида белгиланади. Касаба уюшмаси аъзосининг аризасига асосан у ўз хоҳиши билан белгиланган миқдордан ортиқ бадал тўлаши мумкин.
15.3. Касаба уюшмаси аъзоси бўлган вақтинча ишламаётган шахслар (штат қисқариши, муассасаларнинг тугатилиши ва шунга ўхшаш ҳолларда), стипендия олмайдиган талабалар, клиник ординаторлар, профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари, туғруқ таътилидаги, 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёллар бадал тўлашдан озод қилинади.
15.4. Касаба уюшмаси маблағларини мақсадли ва самарали сарфлаш тартиби Республика Кенгаши Мажлиси қарори билан белгиланади. Касаба уюшмасининг барча ташкилотлари, барча даражадаги органлари учун ушбу тартиб бажариш учун мажбурийдир.
15.5. Молиявий интизомга амал қилмаган касаба уюшмаси ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига нисбатан касаба уюшмасининг коллегиал назорат органлари ҳамда юқори ташкилотининг тавсиясига кўра, тегишли ташкилот коллегиал органи қарори асосида интизомий жазо чоралари қўлланиши ёки қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.
15.6. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида ҳақ олиб ишлайдиган ходимлар рўйҳати (штатлар жадвали)ни шакллантириш касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади.
15.7. Касаба уюшма ташкилотларининг йиллик даромадлар ва ҳаражатлар сметаси юқори турувчи касаба уюшма органи билан келишган ҳолда касаба уюшма органи қарори билан тасдиқланади.
15.8. Касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари ходимлар сони, штатлар жадвали, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори Республика Кенгаши Мажлиси ёки Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан белгиланади.
15.9. Йирик бошланғич ташкилотлар ўз аппаратига эга бўлиши мумкин. Бунда ходимлар штат жадваллари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси билан келишган ҳолда, ҳудудий кенгашлар раёсати қарори билан тасдиқланади.
15.10. Бошланғич ташкилотларда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори Республика Кенгаши Мажлиси қарори билан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширилади.
15.11. Касаба уюшмаси ўзининг эгалик ҳуқуқи бўлган мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф қилади, ундан фойдаланади ва сарф қилади. Касаба уюшмасининг мол-мулки, пул маблағлари бўлинмайди ва касаба уюшмаси аъзосига қайтарилмайди.
15.12. Касаба уюшмаси, унинг бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари қонунчиликда таъқиқланмаган тарзда ҳар қандай мол-мулкни хадя (беғараз) равишда қабул қилиб олиши мумкин.
Касаба уюшма аъзолари ва бошқа ташкилотлар касаа уюшмасига берган мол-мулкига ва аъзолик бадалларига эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолмайдилар.
15.13. Касаба уюшмаси ўз молиявий маблағларини исталган банкка қўйиш, акцияларни сотиб олиш ва ўз мол-мулкларини ижарага бериш ҳуқуқига эгадир.
15.14. Касаба уюшма бошланғич ташкилотлари ва худудий бўлинмалари томонидан ҳар бирининг нарҳи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баробаридан ошадиган қийматдаги товар моддий бойликлари, шу жумладан автотранспорт ва техника сотиб олиши ёки ўз мол-мулкини ижарага бериши Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори асосида амалга оширилади.
15.15. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаолияти тўхтатилганда унинг мол-мулки ва пул маблағи касаба уюшмаси бошланғич ташкилотнинг қарзини тўлаш учун ишлатилади. Қолган маблағ ҳамда муассасанинг касаба уюшмаси аъзолиги бадалидан қарзи, касаба уюшмаси Устави белгилаган мақсад ва вазифаларни, шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларини амалга ошириш учун худудий кенгаш ҳисобига ўтказилади.
15.16. Пул маблағлари, бинолар, иншоотлар, автотранспорт ва техник воситалари, товар моддий бойликлари, қимматбаҳо қоғозлар, номоддий бойликлар, маданий-оқартув, спорт-соғломлаштириш анжомлари, жамғармалари, пул маблағлари билан бирга бошқа муассасалар ҳамда унга тегишли бошқа мол-мулклар ва қонун билан тақиқланмаган бошқа мулклар касаба уюшмасининг мол-мулкидир.
15.17. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ва бошқа манбалардан тушган маблағлар маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларига, туризм йўналишига, касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва рағбатлантиришга, касаба уюшмаси органларида ишлайдиган ходимларга ҳақ тўлаш ва бошқа маъмурий-хўжалик ҳаражатлари учун, шунингдек ушбу Уставда белгиланган бошқа вазифаларни бажариш учун сметага мувофиқ сарфланади.
XVI. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ
16.1. Касаба уюшмаси ўз фаолиятининг натижалари ҳисоботини юритади ҳамда рўйҳатдан ўтказувчи, давлат солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.
16.2. Касаба уюшмаси барча даражадаги ташкилотларида иш юритиш билан боғлиқ ҳисоботлар қуйидан юқори ташкилотларга белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этиб борилади.
16.3. Барча касаба уюшмаси органлари ўзларини сайлаган органлар ҳамда аъзолар олдида ҳисоб бериб борадилар.
XVII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ЮРИДИК ШАХС СИФАТИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ
17.1. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўз муҳри, штампи, ҳос қоғозлар ва банкларда ўз ҳисоб рақамларига эга бўлади.
17.2. Касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари ва бошланғич ташкилотлари юқори ташкилот томонидан тасдиқланадиган белгиланган намунадаги муҳр, штамп, ҳос қоғозлар ва банкларда ўз ҳисоб рақамларига эга бўладилар.
XVIII. КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ
18.1. Касаба уюшмаси фаолиятини тўхтатиш ёки уни тугатиш Қурултой қарорига биноан ёки суд тартибида, фаолиятини қайта ташкил этиш (бирлашиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва бошқалар) Қурултой қарорига кўра амалга оширилади.
Касаба уюшмасининг фаолиятини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмайди
18.2. Касаба уюшмаси қайта ташкил этилганда, қайта ташкил этилган касаба уюшмаси мазкур касаба уюшмасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади ва қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.
18.3. Касаба уюшмасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйҳатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.
18.4. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини тугатган тақдирда Қурултой унинг мол-мулкидан фойдаланиш тўғрисида қарор чиқаради. Касаба уюшмасининг мол-мулки унинг ходимлари, аъзолари ўртасида бўлинмайди. Қолган мол-мулклар Уставдаги мақсад ва вазифалар йўлида ёки хайрия мақсадларида сарфланади.
18.5. Касаба уюшмаси тугатилган ҳолда унинг ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат архиви ташкилотларига сақлаш учун топширилади.
XIX. КАСАБА УЮШМАСИ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ
19.1. Касаба уюшмаси Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Қурултой ваколатига киради.
Қурултойлар оралиғида касаба уюшмасининг Уставига қонунчилик асослари ва бошқа сабабларга кўра қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши касаба уюшмаси Республика Кенгаши Мажлиси қарори билан амалга оширилиши мумкин.
19.2. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида қарор кворум мавжуд бўлганда Қурултойда иштирок этаётган делегатлар, Республика Кенгаши Мажлисида иштирок этаётган кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
19.3. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг, қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда тегишли ҳужжатлар қайта рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.
XX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
20.1. Мазкур Уставда назарда тутилмаган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан тартибга солинади.
20.2. Ушбу Устав қоидаларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид тарзда талқин қилиш мумкин эмас ҳамда Устав қоидаларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид тарзда ифода килинган бандлари ҳақиқий эмасдир.
Республика Кенгаши раиси Ф.Р.Ханапияев
Уставнинг олдинги таҳрирлари:
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг II-Қурултойида қабул қилинган, 1995 йил 12 январь.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг III-Қурултойида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, 1999 йил 23 ноябрь.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг IV-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2005 йил 1 март.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг V-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2010 йил 20 август.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг VI-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2013 йил 10 май.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмасининг VII-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2014 йил 14 февраль.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмасининг VIII-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2015 йил 22 август (29.10.2015 йил Республика Кенгаши қарори).
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг IX-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2020 йил 24 август.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг X-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2025 йил 12 август.