[:uz]Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши [:ru]Республиканский совет профсоюза работников здравоохранения Узбекистана [:en]Republican Council of the Trade Union of Health Workers of Uzbekistan [:oz]Oʼzbekiston sogʼliqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi Respublika Kengashi [:]

                                    
                                

                                

“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида 2026 йилнинг 13–15 январь кунлари маданий-маърифий саёҳатлар доирасида Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари учун навбатдаги саёҳат ташкил этилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан уюштирилган мазкур саёҳатда соҳа фидойилари ҳисобланган 80 нафар ҳамшира иштирок этди. Саёҳат тўлиқ бепул ташкил этилиб, бу тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини эътироф этиш, уларнинг маънавий дам олишини таъминлашга қаратилган муҳим ижтимоий ташаббус ҳисобланади.

Ташаббуснинг асосий мақсади — тиббиёт соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб дам олиш шароитларини яратиш ҳамда юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат.

Саёҳат давомида иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг кўп асрлик тарихга эга ноёб меъморий обидалари, машҳур зиёратгоҳлари ва маданий-маърифий масканлари билан танишдилар. Хусусан, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Биби Хонум масжиди каби тарихий ёдгорликлар зиёрат қилинди. Шунингдек, ҳамширалар Самарқанднинг замонавий қиёфаси, шаҳар инфратузилмаси ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Саёҳат иштирокчилари ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, мазкур маданий саёҳат улар учун нафақат дам олиш, балки маънавий-маърифий билимларини ошириш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва янги куч-ғайрат олиш имконияти бўлганини таъкидладилар.

Тиббиёт ходимлари учун ташкил этилаётган бундай маданий-маърифий саёҳатлар уларнинг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш, касбий фаолиятига бўлган илҳомини ошириш, жамоада ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.