[:uz]Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши [:ru]Республиканский совет профсоюза работников здравоохранения Узбекистана [:en]Republican Council of the Trade Union of Health Workers of Uzbekistan [:oz]Oʼzbekiston sogʼliqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi Respublika Kengashi [:]

                                    
                                

                                

Очиғини айтганда, касаба уюшмалари хақида сўз юритилганда, айрим холларда инсонлар кўз олдига санатория ва болалар оромгоҳларига йўлланмалар берувчи ташкилот гавдаланиши сир эмас. Лекин аслида бу эскича фикрлаш ёки замонавий касаба уюшмалари хақида эмас. Тўғри, биз касаба уюшмалари, ходимлар, уларнинг яқин қариндошларини санатор-курорт даволаш ишлари ёки уларнинг фарзандларини болалар оромгоҳларида соғломлаштириш масалалари билан ҳам шуғулланамиз. Лекин, бу фаолиятимизнинг энг асосий йўналишлари эмас. Бугун Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари чин маънода ишчи-ходимларнинг ҳақиқий ҳимоячиси, таянчи сифатида шаклланиб улгурди.

Маълумки, асосий Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 73-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар” дея касаба уюшмаларининг асосий фаолият йўналишлари белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун ҳам касаба уюшмаси фаолиятининг асосий йўналишлари ва ҳуқуқий асосларини белгилаб берган.

Конституциямизда белгиланган ходимлар манфаатларини ифода этиш бўйича фаолиятни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўз аъзоларининг манфаатларини ифода этган ва кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги «Санатор-курортлар Бош бошқармаси» МЧЖ, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти каби ташкилотлар билан тармоқ жамоа келишувлари тузишга эришган. Шунингдек, ушбу келишув асосида тармоқ касаба уюшмасининг худудий кенгашлари томонидан ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси билан ҳудудий тармоқ жамоа келишувлари, барча бошланғич ташкилотларимиз ўзининг ижтимоий шериклари бўлган корхона ва ташкилотлар иш берувчилари билан жамоа шартномалари тузганлар.

Ушбу келишувлар ва шартномаларда ходимларга нисбатан амалдаги қонунчилик хужжатларида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан ташқари, томонларнинг ўзаро келишувлари орқали ходимлар манфаати йўлида қонун ва меъёрий хужжатларда белгиланмаган ёки белгиланганидан кўра кўпроқ қўшимча имтиёз ва кафолатлар қўллашни назарда тутувчи кўплаб бандлар киритилишига эрилган. Масалан, охирги 5 йил давомида жамоа шартномалари орқали ходимлар учун маблағ йўналтирилган сарфланиши билан боғлиқ бандлари бўйича 2021 йилда 7 млн. 206 минг сўм, 2022 йилда 7 млн. 893 минг сўм, 2023 йилда 9 млн. 22 минг сўм, 2024 йилда 10 млн. 387 минг сўм, 2025 йил якуни бўйича ҳар бир ходимга нисбатан 11 млн. 500 минг сўмни ташкил этган бўлса, бевосита ходимлар манфаати йўлида амалдаги қонун ва меъёрий хужжатларда белгиланмаган ёки белгиланганидан ҳам кўра кўпроқ қўшимча имтиёз ва кафолатларни қўллаш орқали 2021 йилда 3 млн. 902 минг сўм, 2022 йида 4 млн. 371 минг сўм, 2023 йилда 5 млн. 26 минг сўм, 2024 йилда 5 млн. 345 минг сўм, 2025 йил якуни бўйича эса 5 млн. 500 минг сўмни ташкил этди.

Ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида фаолиятимизни амалга ошириш учун 2021 йилдан тизимда касаба уюшмаси меҳнат инспекциясини ташкил этдик. Бугунги кунда Республика Кенгашида Бош меҳнат ҳуқуқ ва Бош меҳнат техник инспектори, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Республика Кенгашининг меҳнат ҳуқуқ ва меҳнат техник инспекторлари лавозимлари жорий этилган.

Инспекция ўз фаолиятини муассасаларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши масаласи бўйича режали тарзда жамоатчилик тартибида муассасаларда ўрганишлар ўтказиш ҳамда аъзолардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш орқали амалга оширади. Инспекция ташкил этилган кундан бошлаб 2025 йил якунига қадар корхона ва муассасаларда жами 3291 марта режали ўрганишлар ўтказилди ва ишчи-ходимларни меҳнат хуқуқларининг бузилганлик холатлари аниқланди.  Кўрилган чоралар натижасида 483 157 нафар аъзоларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари тикланишига эришилиб, улар фойдасига 105 млрд. 174 млн. сўм маблағ ундириб берилган.

Бундан ташқари, 5 йил давомида меҳнат инспекцияси томонидан ходимлардан келиб тушган 6 470 та мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Мурожаат қилган 69 486 нафар ходимларни меҳнат соҳасидаги бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланган ва улар фойдасига 86 млрд. 977 млн. сўм ундирилган.

Жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар ва қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан иш берувчилар номига 5 йил давомида 4 274 марта кўрсатма хатлар киритилган. Бу кўрсатмалар ижроси таъминланиши натижасида 507 467 нафар ходимларнинг ҳуқуқи тикланган, уларга иш берувчилар хисобидан155 млрд. 924 млн. сўм маблағ ундириб берилган.

Ўз вақтида ижро этилмаган кўрсатма хатлар бўйича 1 999 марта судларга даъво аризалар киритилган ва судлар орқали 18 570 нафар ходимларнинг ҳуқуқи тикланган ҳамда улар фойдасига 35 млрд. 952 млн. сўм миқдорида маблағлар ундирилган.

Умуман олганда, ўтган давр давомида тармоқ касаба уюшмаси меҳнат инспекцияси томонидан 552 643 нафар ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган, улар фойдасига жами 242 млрд. 902 млн. сўм ундириб берилишига эришилди.

Биргина, ўтган 2025 йил давомида меҳнат инспекцияси томонидан 613 марта муассаса ва ташкилотларда жамоатчилик назорати тартибида режали тарзда ўрганишлар ўтказилган. Ўтказилган ўрганишлар давомида ҳодимларни қонуний ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 94 638 нафар ходимларнинг ҳуқуқлари тикланган ва  уларнинг фойдасига 26 млрд. 787 млн. 430 минг сўм ундириб берилган.

Касаба уюшмаси аъзоларидан келиб тушган 1 187 та мурожаатларни ўрганилиши жараёнида хуқуқлари у ёки бу кўринишда бузилган 27 943 нафар ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи тикланиб, уларнинг фойдасига 34 млрд. 860 млн. 469 000 сўм ундирилишига эришилди. Судларга 432 та даъво ва буйруқ тартибида аризалар белгиланган тартибда киритилиб, 14 467 нафар ходимларнинг ҳуқуқи тикланди ва уларнинг фойдасига 11 млрд. 254 млн. 658 минг сўм маблағ ундириб берилган.

Умуман, ўтган 2025 йилнинг ўзида тармоқ касаба уюшмаси меҳнат инспекцияси томонидан жами 122 581 нафар ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 61 млрд. 647 млн. 900 минг сўм маблағ ундириб берилишига эришилган.

Булар: меҳнат шартномаларининг қонунга мувофиқлаштирилиши натижасида 453 нафар, ишга қабул қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини таъминлаш натижасида 217 нафар, меҳнат шартномасини ўзгартиришнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини таъминлаш натижасида 130 нафар, иш вақти, дам олиш вақти, меҳнат таътиллари  бўйича белгиланган талабларга риоя қилинишини таъминлаш натижасида 1 414 нфар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини таъминлаш оқибатида 5 063 нафар, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларининг ундирилиши натижасида 409 нафар, интизомий жазони қўллаш, хизмат текширувини ўтказиш тартибига риоя қилинишини таъминлаш натижасида 100 нафар, бахтсиз ҳодиса зарарини ундириш натижасида 7 нафар, тиббий кўрик компенсацияси натижасида 33 056 нафар, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш натижасида 2 417 нафар, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш натижасида 4 169 нафар, ўтказилган иш ўринлари аттестацияси бўйича меҳнат таътиллари тикланганлар 11 073 нафар, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш натижасида 26 514 нафар, зарарли шапроитда ишловчилар учун сут ва шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш натижасида 587 нафар, меҳнат муҳофазаси бўйича ўқувдан ўтиши, йўл-йўриқ олиши, билимлари текширилиши натижасида 581 нафар ва бошқа масалаларда 8 448 нафар ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланишига эришилган.

Таъкидлаш жоизки, тармоқ касаба уюшмаси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси меҳнат инспекцияси ташкил этилганига унчалик кўп вақт бўлмаган бўлсада, қисқа вақт ичида, нафақат мамлакатимизда, Марказий Осиё ёки МДХ давлатлари соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари ўртасида, балки ўз сафига 160 дан зиёд касаба уюшмаларини бирлаштирган Жамоат хизмати Интернационали Европа Федерациясига аъзо касаба уюшмалари миқёсида хам энг самарали фаолият юритаётган инспекция сифатида тан олинди.

2024 йил якунларига кўра, меҳнат инспекциямиз энг самарали фаолият юритаётган тузилмалардан бири сифатида эътироф этилди. Шу муносабат билан Бош инспекторларимиз Франция ва Норвегия давлат муассасалари ходимлари касаба уюшмалари таклифига биноан ўз фаолияти юзасидан тақдимот ўтказдилар.
Бошқача айтганда, инспекциямизнинг илғор тажрибаси халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Биз бу ютуқларни мамлакатимизда касаба уюшмалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, шунингдек, у киши томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижаси сифатида баҳолаймиз.
Шу билан бирга, мазкур эътирофни Янги Ўзбекистонда шаклланаётган замонавий касаба уюшмалари фаолиятининг халқаро даражада тан олиниши деб ҳисоблаймиз.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, касаба уюшмамиз ўз фаолиятида аъзолардан келиб тушадиган мурожаатларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Илгари касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотдан тортиб энг юқори ташкилотларигача бўлган мурожаатларнинг аксарият қисми санаторий ва оромгоҳларга йўлланмалар ажратишни сўраб қилинган бўлса, эндиликда холат мутлоқ ўзгарган. Яъни мурожаатларнинг деярли тенг ярми ижтимоий-иқтисодий, хуқуқий ва меҳнат шароитлари бўлмоқда.

Мисол учун, 2025 йилнинг ўзида тармоқ касаба уюшмасининг барча даражадаги органлари ва ташкилотларига аъзолар томонидан жами 206 минг 287 та мурожаат келиб тушган бўлса, улардан 49 минг 512 таси ёки 24 фоизида моддий ёрдам сўралган, 33 минг 270 таси ёки 16 фоизи санатор-курортларга, 22 минг 960 таси ёки 11 фоизи болалар оромгоҳларига йўлланма ажратиш сўралган бўлса, 100 минг 545 таси ёки 49 фоизи касаба уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, яъни ҳуқуқий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий масалалар масаласида қилинган мурожаатларни ташкил этгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир.